Тўрт ойда 266 миллиард тенге сармоя киритилди – Манғистау вилояти ҳокими

None
Фото: ortcom.kz
ASTANA. Kazinform – Жорий йилнинг 4 ойида Манғистау вилояти иқтисодиётига 266 миллиард тенге сармоя киритилди. Бу ҳақда Манғистау вилояти ҳокими Нурлан Ноғаев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Бугунги кунда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига янги суръат бағишлашда ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Хорижий сармояларни жалб этиш умумий иқтисодий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири. Ўтган йили иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 25 миллиард тенгега тенг 17 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Улардан 6 таси қайта ишлаш саноати, 5 таси ижтимоий, 2 таси қишлоқ хўжалиги, 4 таси туризм соҳасига оид. Жорий йилнинг 4 ойида вилоят иқтисодиётига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 266 миллиард тенгени ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 46 фоизга ошди», – деди вилоят раҳбари Марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, Манғистау вилоятининг сармоявий салоҳияти жуда катта.

«Хомашё базамизнинг мўллиги, иқтисодий барқарорлигимиз, қулай инвестиция муҳити, географик жиҳатдан қулай жойлашувимиз сармоя ҳажмини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Шу муносабат билан 2026 йилгача амалга ошириладиган 100 та инвестиция лойиҳасидан иборат фонд яратилди. Мазкур лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиши билан вилоят иқтисодиётига 1,9 триллион тенге сармоя киритиш, 6 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу йил 100 миллиард тенгега 18 та лойиҳани амалга ошириш ва 1000 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган», – деди Нурлан Ноғаев.

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, инвестиция қиймати 2 миллиард тенге бўлган 2 та лойиҳа ишга туширилиб, бунинг натижасида 150 янги иш ўрни яратилди.

Булар «Көркем Әлем» МЧЖнинг гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш ва Жанаўзен шаҳрида саноатлаштириш доирасида ишга туширилган гўшт цехлари тармоғи ва Ақтау шаҳридаги «Kaz Fruit Company» МЧЖнинг сабзавот ва мева сақлаш омборини очиш лойиҳаси.

«Булар минтақа учун муҳим лойиҳалар» – деди у.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар
telegram