Сунъий ёмғир: Қозоғистон янги технологиядан нимани кутмоқда

ASTANA. Kazinform – Сув танқислиги кучайиб бораётган бир пайтда, дунё янги ечимларни изламоқда. Шулардан бири — сунъий ёмғир ёғдириш технологиясидир. Қозоғистон ҳам бу йўналишдаги илк пилот лойиҳани бошлади. Унинг самарадорлиги қандай? Бу ҳақда Kazinform мухбири таҳлил қилди.

жауын
Коллаж: Kazinform /ЖИ көмегімен жасалды

Технология қандай ишлайди?

Жорий йилда Туркистон вилоятида ёғингарчиликни сунъий равишда кўпайтиришга қаратилган пилот лойиҳа ишга туширилди. Унинг мақсади — сув омборларини тўлдириш ва вилоятдаги 911 минг гектардан ортиқ экин майдонларини сув билан таъминлашдир. Кенг кўламли ишлар 17 май куни бошланди.

Лойиҳа БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ушбу муассаса 1980 йилларнинг охиридан буён об-ҳавони модификация қилиш технологияларини ривожлантириб келмоқда. Қозоғистон учун бу ташаббус фақат янги усулни синовдан ўтказиш билан чекланмайди. У халқаро тажрибани ўзлаштириш, технологиялар трансферини амалга ошириш ва соҳа учун мутахассислар тайёрлаш имконини ҳам яратади.

Найзағай, нөсер жаңбыр: 15 маусымда бес өңірде +39°C ыстық болады
Коллаж: ЖИ

Бош вазир ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиевнинг айтишича, мазкур лойиҳа мамлакатда иқлим технологиялари бўйича янги инфратузилмани шакллантириш учун асос бўлади.

«Махсус самолёт фақат табиий равишда ҳосил бўлган ёмғир булутлари билан ишлайди. Булутлар остига экологик жиҳатдан хавфсиз тузли реагентлар сочилади. Бу намликнинг кристалланиш жараёнини тезлаштириб, ёғингарчилик ёғиш эҳтимолини оширади”, — деб тушунтирди Жаслан Мадиев.

Вазирнинг сўзларига кўра, операциялар фақат қулай метеорологик шароит юзага келгандагина амалга оширилади. Мос булутлар «Қазгидромет» томонидан аниқланади, ишлар эса сув танқислиги кузатилаётган ҳудудларда бажарилади. Таъсир доираси тахминан беш километрдан ошмайди. Шунинг учун технология бутун минтақа иқлимини ўзгартиришга эмас, балки муайян булут тизимида ёғингарчилик эҳтимолини оширишга қаратилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пилот лойиҳа кутилган натижани берса, унинг иқтисодий самараси йилига 35 миллиард тенгегача етиши мумкин. Бу қурғоқчилик оқибатидаги йўқотишларни камайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш ва экин майдонларини сув билан таъминлашни яхшилашга хизмат қилади.

Бироқ лойиҳа ишга туширилганидан сўнг жамоатчилик орасида турли фикрлар билдирилди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда «бошқа ҳудудларга ёмғир етмай қолади» деган қарашлар тарқалди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай фикрлар технологиянинг ишлаш тамойили тўғри тушунтирилмагани сабабли пайдо бўлган.

Рақамли ҳукуматни қўллаб-қувватлаш маркази бош директори Алия Оспанованинг айтишича, лойиҳанинг мақсади табиий ёғингарчиликни бошқа ҳудудлардан «олиб келиш» эмас, балки қурғоқчилик хавфи юқори бўлган ҳудудда табиий шаклланган булутларнинг ёмғир ёғдириш имкониятини оширишдан иборат.

Әлия Оспанова.
Фото: «Халықаралық бағдарламалар орталығы» АҚ

“Ўтган йили Туркистон вилоятида саккиз ойдан ортиқ вақт давомида ёғингарчилик кузатилмаган даврлар қайд этилди. Бунинг оқибатида фермерлар қийин аҳволга тушди. Биз бир нечта давлатлар тажрибасини ўргандик ва халқаро метеорологик ташкилотларнинг тавсияларини таҳлил қилдик. Илмий тадқиқотларга таяниб ушбу лойиҳани ишга туширдик”, — деди у.

Жаҳон тажрибаси

Сунъий ёмғир ёғдириш, ёки cloud seeding технологияси дунёда узоқ йиллардан бери қўлланиб келинмоқда. У нафақат ёғингарчилик миқдорини ошириш, балки сув захираларини тўлдириш, дўлнинг олдини олиш ва туманни тарқатиш учун ҳам ишлатилади.

Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда АҚШ, Хитой, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон ва яна қарийб элликка яқин давлат ушбу технологиядан турли мақсадларда фойдаланмоқда.

Қытайда жасанды жаңбыр жаудыру бойынша эксперимент жүргізілді
Фото: Ecospere.press

Энг йирик дастурлардан бири Хитойда амалга оширилмоқда. Мамлакатда 2014 йилдан буён ўн минглаб операциялар ўтказилиб, лойиҳага 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган. Ҳиндистон ушбу технологиядан йирик шаҳарларда ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида фойдаланмоқда, Франция ва Испания эса дўл туфайли етказиладиган зарарни камайтиришга эътибор қаратган.

Шунга қарамай, технология самарадорлиги ҳақида илмий жамоатчиликда ягона фикр шаклланмаган. Швейцариядаги Цюрих Олий техника мактабининг атмосфера физикаси профессори Ульрике Ломаннинг фикрича, сунъий ёмғир қурғоқчилик масаласининг туб ечими эмас. Унинг таъкидлашича, технология фақат табиий равишда ёмғир ёғишига тайёр турган булутларга таъсир кўрсата олади. Шунинг учун уни сув танқислигини тўлиқ ҳал қилувчи восита эмас, балки қулай шароитда қўлланадиган қўшимча усул сифатида баҳолаш лозим.

Пилот лойиҳа қандай амалга оширилмоқда?

Мамлакатимизда ҳам мазкур технологиянинг ҳақиқий самарадорлиги пилот лойиҳа якунлари чиққандан кейин маълум бўлади. Экология ва табиий ресурслар вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунга қадар Туркистон вилоятида 11 та ишлаб чиқариш парвози амалга оширилган. Булут тизимларига таъсир кўрсатиш ишлари асосан Ўтрор ва Созақ туманлари ҳудудида олиб борилган. Ҳозирда ҳар бир операция натижалари босқичма-босқич таҳлил қилинмоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, операциялар вақтида калий хлориди, натрий хлориди ва магний бирикмалари асосидаги реагентлар қўлланилади. Бу моддалар халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган «булутларни уруғлаш» технологиясининг таркибий қисми ҳисобланади. Шу билан бирга, вазирлик об-ҳавони модификация қилиш технологияларининг узоқ муддатли таъсири ҳозирча дунё миқёсида ўрганилишда давом этаётганини таъкидлади.

«Қўлланилаётган технологияларнинг аҳоли саломатлиги ёки атроф-муҳитга зарар етказиши ҳақида аниқ илмий далиллар мавжуд эмас. Туркистон вилоятидаги пилот лойиҳа ушбу усулнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган», — дейилади вазирлик жавобида.

Эколог ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис Лаура Сейилбекнинг таъкидлашича, қўлланилаётган реагентлар атроф-муҳит учун хавф туғдирмайди.

Лаура Сейілбек
Фото: Лаура Сейілбектің жеке мұрағатынан

«Илмий адабиётлардаги тадқиқотларга кўра, улар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайди. Чунки қўлланилаётган моддаларнинг аксарияти табиатда учрайдиган минераллар ёки уларга ўхшаш бирикмалардир», — деди эколог.

Вазирлик маълумотига кўра, лойиҳа ҳозирча тўлиқ тадқиқот хусусиятига эга. Операциялар давлат чегарасидан анча узоқ ҳудудларда ўтказилаётгани сабабли, қўшни давлатларга трансчегаравий таъсир кўрсатмайди. Пилот босқичида тўпланган барча маълумотлар миллий базага киритилиб, кейинчалик илмий баҳолаш учун фойдаланилади. Шу асосда технологияни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш имконияти кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, мутахассислар пилот лойиҳанинг муваффақиятини фақат амалга оширилган парвозлар сони билан баҳолаб бўлмаслигини таъкидлайди. Энг муҳими — унинг иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқаришнинг умумий тизимига қанчалик ҳисса қўша олишидир.

Лаура Сейилбекнинг айтишича, Қозоғистон иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини яққол ҳис этаётган давлатлар қаторига киради. Ёғингарчиликнинг нотекис тақсимланиши, музликларнинг эриши ва қурғоқчиликнинг тез-тез такрорланиши қишлоқ хўжалиги, экотизим ҳамда иқтисодиётга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу боис сув ресурсларини бошқаришнинг янги ёндашувларини жорий этиш бугунги кун талаби ҳисобланади.

«Бу усул сув омборларини самарали бошқариш, сувни тежаш технологияларини жорий қилиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ва трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқариш каби комплекс чора-тадбирлар билан бирга қўлланилгандагина ҳақиқий самара бериши мумкин», — деб ҳисоблайди мутахассис.

Демак, сунъий ёмғир технологияси сув танқислигини тўлиқ ҳал қиладиган универсал восита эмас. Бироқ иқлим ўзгариши кучайиб бораётган ҳозирги даврда у сув ресурсларини бошқариш бўйича комплекс сиёсатнинг муҳим қисмига айланиши мумкин. Туркистон вилоятидаги пилот лойиҳа эса ана шу имкониятнинг қай даражада самарали эканини кўрсатадиган илк тажриба бўлади.