Спорт вазири: Асосий мақсадимиз — Осиё ўйинларида медаллар сифатини яхшилаш
ASTANA. Kazinform — Японияда бўлиб ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларида мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар ғолиб бўлиш учун ҳаракат қилади. Бу ҳақда ҚР Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов маълум қилди.
“Энди Осиё ўйинларига йўл оламиз. Терма жамоамиз 570 нафар спортчидан иборат. Шунингдек, 200 га яқин мураббий ва шифокорлар бор. Бу йил Осиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турларида жаҳон миқёсида яхши натижалар қайд этдик. Спортчиларимизга омад тилаймиз. Таъкидлаш жоизки, яккакураш спорт турларидан ташқари, волейбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей ва киберспорт турлари бўйича ҳам саралашдан ўтиб, Осиё ўйинларида иштирок этамиз. Бу мамлакатимиздаги барча олимпия спорт турлари жадал ривожланаётганини кўрсатади. Келгуси Осиё ўйинларида аввалги йирик мусобақаларга қараганда юқорироқ натижа қайд этишимизга ишонаман”, — деди Ербол Мирзабосинов Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ғолибларини тақдирлаш маросими доирасида.
Вазир 2022 йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида спортчиларимиз атиги 10 та олтин медални қўлга киритганини, медалларнинг асосий қисми кумуш ва бронза медалларидан иборат бўлганини таъкидлади.
“Эндиги асосий мақсадимиз — ушбу Осиё ўйинларида медалларнинг сифатига имкон қадар кўпроқ эътибор қаратиш. Албатта, Осиё қитъасида олимпия спорт турлари жуда яхши ривожланган. Биз сўнгги икки йил давомида ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрдик”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, бугун пойтахтдаги Мустақиллик саройида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг ғолибларини тақдирлади.