SpaceX Пентагоннинг энг йирик ракета учириш пудратчисига айланди
ASTANА. Kazinform - АҚШ Мудофаа вазирлиги 2030 йиллар бошигача миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида парвозларни амалга ошириш учун учта хусусий компания: SpaceX, United Launch Alliance (ULA) ва Blue Origin билан умумий қиймати 13,7 миллиард долларлик шартномалар имзолади. Бу ҳақда АҚШ космик кучлари хабар берди.

Шартномалар АҚШнинг коинотга кафолатланган киришини таъминлашга қаратилган Миллий хавфсизлик космик парвоз тизими (NSSL Phase 3 Lane 2) дастури доирасида берилади. Пентагоннинг муҳим активларини орбитага етказишга қаратилган келишувлар 54 га яқин миссияни ўз ичига олади. Миссиялар 2027 ва 2032 йиллар оралиғида ишга туширилиши режалаштирилган.
— Ишончли ва барқарор космик парвоз архитектураси ҳам иқтисодий фаровонлигимиз, ҳам миллий хавфсизлигимиз асосидир. Миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича космик парвоз шунчаки дастур эмас, бу бизнинг жангчиларимизга жанг қилиш ва ғалаба қозониш учун зарур бўлган космик имкониятларни тақдим этувчи стратегик миссиядир, — деди АҚШ Космик кучларининг космик операциялар бўлими бошлиғи генерал Ченс Зальцман.
SpaceX шартномаларнинг энг катта қисмини, яъни 5,9 миллиард долларлик 28 та миссияни қўлга киритди ва АҚШ армиясининг сунъий йўлдошларни учириш ва бошқа стратегик миссиялар бўйича бош пудратчиси сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Boeing ва Lockheed Martin қўшма корхонаси United Launch Alliance ҳам катта улушга эга бўлиб, 19 та миссия 5,3 миллиард долларга тушади. Компания март ойида сертификатланган янги Vulcan ракетаси устида ишламоқда.
Биринчи марта Жефф Безоснинг Blue Origin компанияси NSSL дастурига қўшилди. Бу компания учун муҳим воқеа: унинг январь ойида бир марта учирилган ва унчалик катта тажрибага эга бўлмаган New Glenn ракетаси 2,3 миллиард долларлик еттита миссия шартномаси билан тақдирланди.
Янги босқичда SpaceX, ULA ва Blue Origin стандарт ва мураккаб миссияларни бажаради.
SpaceX космик кемаси биринчи марта Ернинг қутб ҳудудлари устидан учиб ўтиши аввал хабар қилинганди.