Шокир Ҳолиқов: Қозоғистонликлар билан ишламоқчиман

None
Muallif surati
ASTANA. Kazinform – Ўзбекистонлик режиссёр Шокир Ҳолиқов «Чой» номли қисқа метражли биринчи фильми учун 2019 йил Канн халқаро фестивалида мукофот олиб эътиборга тушганди. Яна «Дилемма» номли қисқа метражли фильмда ишлади. Ўткан ҳафта Ўзбекистонлик режиссёр Шокир Ҳолиқовнинг «Якшанба» фильми А сериядаги Шанҳай халқаро фильмлар фестивалининг мукофоти билан тақдирланди. «Якшанба» фильми ва бошқа нарсалар ҳақида режиссёр Шокир Ҳолиқов билан суҳбатлашдик.

-«Якшанба» фильмида давр алмашинуви муаммоси кўтарилган деб ёзяпти. Ўзбек кино доирасида ҳозирча давр алмашинуви ҳақида жиддий фильмлар ишланмаганди. Сиз бу фикрга нима дейсиз?

-Фильмга ҳамма дунёқарашидан келиб, хулоса қилиши мумкин. Бу табиий. Фильм айнан шу ҳақда деб аниқ хулоса қилишга ҳам бошқа фикрлар имкон бермайди. Ҳар ким яшаш тажрибасига асосланиб, хаёли ёки эмоцияларига таяниб фикр билдиради. Бу фильм ота-оналар ва фарзанд муносабатлари ҳақида экан ёки севги ҳақида деб фикрлар айтди. Агар фильм ичидаги воқеаларни эсласак, бу давр алмашинуви ҳақида ҳам дейиш мумкин. Киномизда бу мавзу ҳақида фильмни эслолмайман. «Маҳаллада дув-дув гап» фильмида шунга яқин ўринлар бор. Унда аслида ҳовлилардан «дом»ларга кўчириш сиёсати бор. Лекин Шуҳрат Аббосов ёшлар ва ёши катталар муносабатлари, муҳаббатни биринчи планга олиб чиқади. Сиёсат эса иккинчи-учинчи даражага тушади. Биринчи планнинг соясида қолади. Гўё режиссёрга юклатилган вазифа ҳам бажарилган. Шу кинони давр алмашинуви ҳақида деб айтсак бўлади. Бошқа фильмлар эсимга келмаяпти, - деди Шокир Ҳолиқов.

-Режиссёр Жан-Люк Годарнинг машҳур фикри бор, буни биласиз, албатта. Фикрини тахминий маъносини келтираман. «Фильмни суратга оламан. Монтаж қиламан. Кейин, бу ишимга четдан қараб, нима кино ишлаганимни тушунаман, муаммолар ҳақида хулосаларга келаман» дейди у. Сиз кино намойишидан сўнг қандай хулосаларга келяпсиз?

-Ҳамма режиссёрлар ҳам кинони суратга олиб бўлгандан кейин, эътибор беради нима нарса содир бўлганига. Битта гап бор: кино монтажда туғилади деган. Сценарийда бошқа нарса бўлади, тасвирга олиш жараёнида бошқа нарса туғилади. Монтаж жараёнида эса бошқа нарса юзага чиқади. Ҳамма қатори, менда ҳам шундай. Умуман олганда, нима ҳақда хулоса қилдим? Фильмни жуда қисқа муддатда тасвирга туширдик. 13 кунда. Бу жараён 25 кунга режаланганди. Лекин ҳар доимгидек муаммо чиққани учун суратга олиш бир ойга кечикди. Фильм бир ой олдин суратга олиниши, об-ҳаво, табиат манзараси кинодаги фикр билан уйғунлашиб кетиши керак эди. Сал кечикилса ҳам яхши эмас экан. Манзара билан кинодаги ҳолат мувофиқ тушиши, кинодаги фикрни тиниқлаштиради. Ғоя вақтида тасвирга олинса, кўнгилдагидек бўларкан.

Ҳаммага бирдай ёқадиган кино яратиб бўлмайди: кимдир мақтайди, кимдир танқид қилади. Мен учун муҳими бошқа нарса эди: катта кинога ўтиб олиш. Ўзимни синаб кўриш. Шу жиҳатдан «Якшанба» фильми мен учун имтиҳон вазифасини ўтайди. Устозимиз кинорежиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг шу ҳақда айтгани бор: уч нарса муҳим; биринчиси, катта кино ишлашга ўтиб олиш, иккинчи муҳим нарса кинодаги ҳикояни тиниқ баён қилиш ва учинчиси томошабинда фикр уйғотиш. Бизнинг кино жамоамиз асосан ёшлардан иборат. Кино тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шукр, биз ана шу босқичлардан эсон-омон ўтиб олдик.

Жамоамиз асосан ёшлардан тузилган. Бир – иккита ёши катталарни ҳисобга олмаганда. Ёшлар қарилар ҳақида кино олдик. Бу ғайритабиий эшитилади. Билган нарсалар ҳақида фильм суратга олиш керак, муҳим хулоса шу. Устозимиз ҳам шу фикрни кўп таъкидлаган: билган нарса ҳақда кино суратга олиш керак. Билмаган, тажрибадан ўтмаган нарсалар ҳақида кино олинса, тажрибаси борларга бошқача туюлиши мумкин.

-Таваккал билан ёндошув сизга муваффақият олиб келгандай. Олдиндан билмаслик Годарнинг юқоридаги фикрича фильмга жозиба беради. Шундай эмасми?

-Жозиба фильмнинг омадини таъминлаб берадиган асосий элемент. Фильм ғоясида ёшлар ва катталар ўртасидаги жарликни кенгайиши ҳақида ўйламаганман. Ёшлар реаллиги ва катталарнинг ўзига хос реаллигини кўрсатиб бериш мен учун муҳим эди. Балки жарлик ҳам бордир. Икки авлод ўртасида. Ёшлар технологик даврда ҳиссизга айланиб боряпти. Қадриятлардан воз кечиш осонроқдай ҳозир. Шу маънода орадаги катта тафовут кўзга ташланса керак. Биринчи катта фильмни суратга олиш муҳимлигига энди тушуняпман. Бунда кинотехникага оид хулосалар чиқариларкан. Бу хулосалар, табиий, кейинги фильм учун ярайди.

(изоҳ: фильм премъерасидан кейин америкалик мутафаккир Алан Кирбининг «21 асрда замонамиз образлари» номли китоби эсга тушди. У китобида ҳозирги диджимодернизм даври ёшларда псевдоаутизм (овсарлик, гаранглик) ни шакллантиради деган фикрни илгари сурганди. Ҳозир катталар ва ёшлар орасидаги жарлик бошқа измлар даврига қараганда кенгайиб боряпти).

-Марк Форстернинг «Менинг жиғибийрон қўшним» (бош ролни Том Хенкс ижро этган) фильми ёдингизда бўлса керак. Унда ҳозирги диджимодернизм даврида катта авлод ўзини бегона ҳис қилиши муаммоси бор. Кузатишим бўйича, шу фильмни ўзбек жамиятидаги катта ёшлилар кўп кўрди. Улар ўзларининг ичларидаги муаммони шу фильмда кўрди шекилли. Сизнинг фильмингиз ана шу фильмни эслатди.

-Томошабин ҳаётидаги воқеаларни киноасардаги воқеаларда учратса, у фильмни катта қизиқиш билан кўради. Қаҳрамонларга ўзини солиштиради. Кинодаги фикр билан тўқнаш келади. Хуллас, фильмга қоришиб кетади. Бу фильмни ҳам ёшлар кўрса, ўзини кўради деб ўйлайман. Катталар кўрса, ўзини кўради. Ясама нарсалардан қочишга ҳаракат қилдик. Премъерадан кейин бир томошабиннинг фикри эътиборимни тортди. Катталарга янги бир нарса олиб берсам, аввалига улар қабул қилмайди. Улар янги нарсани қабул қилгандан кўра, ўзлари кўниккан нарсани маъқул кўради. Фильмда шу нарсани кўрдим деди. Ёшлар бу фильмни кўриб, ҳаракатларига ташқаридан қарашар эҳтимол. Бу энди менинг шахсий фикрларим. Бу тўғри, бошқаси нотўғри дегани эмас. Лекин тасвир остидаги фикрлар, намойишдан сўнг томошабинда пайдо бўлади, у энди ҳақиқий бўлади. Годар шу фикрни айтмоқчи бўлади менимча.


- Қозоғистонлик продюссерлар сизга таклиф билан чиққан экан. Чет эллик продюссерлар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Қозоғистонликлар билан ишламоқчиман, бу жуда яхши. Бу имкондан фойдаланишим керак. Режиссёр, сценарист сифатида чет элда ҳам ишлаш ниятим бор. Қозоғистон бу йўлда кўприк ёки эшик бўлади. Ҳозирча, қозоғистонликлар билан битта тўлиқ метражли фильмни режа қилганмиз. «Оёқ» деб номланади. Маблағ жиҳатдан муаммо туғилиб қолмаса, насиб, кузда, фильмни тасвирга олишни бошлаймиз. Ҳамкорлар фильмни чет эл фестивалларида тақдимотини, кинобозорларда намойиш қилади. Бу мен учун катта имконият. Кўриб турибсиз, бизда ҳозир муаллифлик фильмлари олинмаяпти. «Якшанба» тўлиқ муаллифлик фильми деб айтолмасам-да, унга қўшимчалар қўшишга ҳаракат қилди. Мен рози бўлмадим. Чет эллик ҳамкорлар билан ишлаш янги уфқларни очиш учун шанс беради.

- Кинорежиссёрлар қандай киноларни кўриши оддий кинотомошабинлар учун қизиқ. Сиз қайси фильмларни кўришни тавсия қиласиз?

-Режиссёр касби тақозоси билан турли жанрдаги киноларни кўриши керак. Бу касбининг қирраларини очиш учун ҳам керак. У кино танламаслиги керак. Кўп нарсани ўрганади, турли услубларга дуч келади. Таққослайди. Бу кино яхши, буниси ёмон деган тушунчалар бўлмаслиги керак. Драма, триллер, фантастика, қора юмор. Омадсиз чиқиб қолган фильмлар ҳақида раҳматли устозимиз Маҳкам Муҳаммедов :»Бундай кинолар шунақа кинолар суратга олинмаслиги ҳақида» деб айтарди. Демак, режиссёр хоҳишига қараб эмас, касби юзасидан турли жанрдаги ёки «яхши-ёмон» киноасарларни кўриши керак. Унинг учун чеклов бўлмаслиги керак. Ҳар қандай фильмдан ўрганса бўларкан. Кейинчалик фикрим ўзгариши мумкин. Бу ҳам касб нуқтаи назаридан келиб чиқилади албатта. Мен Эрон киноасарларини кўп кўраман. Аббос Кироастами, Асқар Фарҳодий. Корея, Япония, Хитой фильмларини кўраман. Қайта-қайта кўришим мумкин. Кореялик марҳум режиссёр Ким Ки Дукнинг киноасарларини қайта кўраман. Ҳар сафар кўрганда, ундан нимадир ўрганиш мумкин.

-Суҳбатингиз учун раҳмат! Ишларингизга омад тилайман.

Муаллиф: Ўлжабой Қаршиев


Сўнгги хабарлар