Шимолий Қозоғистон вилоятида Қозоғистон-Хитой илмий-тадқиқот маркази очилади
PETROPAVL. Kazinform – Шимолий Қозоғистон вилоятида аграр соҳада илм ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштирган янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ўтган йил ноябрь ойида Шимолий Қозоғистон вилояти делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Энди хитойлик томон Қозоғистонга хизмат сафари билан ташриф буюрди. Сафари давомида меҳмонлар маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан учрашди, университетнинг лаборатория жиҳозлари билан танишди ва вилоятнинг аграр корхоналарини кўздан кечирди.

Қозибаев университети ва Хэнань қишлоқ хўжалиги инвестиция гуруҳининг қўшма лойиҳаси Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасига янги суръат беришни мақсад қилган. Замонавий инфратузилма, илғор технологиялар ва мутахассисларни тайёрлашга асосланган бу лойиҳа қишлоқ хўжалиги секторини ишлаб чиқаришдан бошлаб қайта ишлаш ва сотишгача комплекс ечимларни таклиф қилмоқда.
Хитойнинг энг йирик қишлоқ хўжалиги инвестиция компанияларидан бири ҳисобланган Хэнань қишлоқ хўжалиги инвестиция гуруҳи лойиҳага тахминан 5 млн доллар сармоя киритиб, жиҳозлари, тадқиқотлари ва экспертлик салоҳияти билан иштирок этади. Шунингдек, уруғлик материалини таклиф қилиб, замонавий ётоқхоналар, лабораториялар очишни режалаштирган.
– Астанадаги қишлоқ хўжалиги ходимларининг иккинчи форумида Қасим-Жомарт Тоқаев агро-саноат комплексини янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб, соҳанинг самарадорлигини ошириш ва мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўналишида бир қатор вазифаларни белгилади. Қозоғистон-Хитой илмий қишлоқ хўжалиги марказини ишга тушириш натижасида донли, ёғли ўсимликлар, дуккаклилар ва ем-хашакларни саралаш бўйича тадқиқотлар ва кўргазма лойиҳаларини амалга ошириш мумкин бўлади. Асосий мақсад – қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, ўсимликлар ва тупроқ унумдорлигини назорат қилишда рақамлаштиришни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш, маҳсулдорликни прогноз қилишда сунъий интеллект ва дронларни қўллаш, — дейди Қозибаев университети ректори Ербол Исақаев.

Университет маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзида бу мақсадга Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги тажриба учун 30 га ер ажратган. Лойиҳага хорижий олимлар билан бирга университет ўқитувчилари ва талабалари жалб қилинган.
– Лойиҳа тажриба майдонлари, лабораториялар, замонавий инфратузилмани яратишни кўзламоқда. Бу барқарор, экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги платформасини шакллантиришга ва уруғлик ишлаб чиқаришнинг етиштириш майдонларини 1 минг гектаргача кенгайтиришга имконият беради, деб умид қиламиз. Ҳамкорликни узоқ муддатли стратегик шериклик сифатида кўрамиз, — дейди Ербол Исақаев.

Эслатиб ўтамиз, Хитой Қозоғистон унини кўплаб сотиб ола бошлади.