Шимолий Корея янги қаттиқ ёқилғили баллистик ракетани синовдан ўтказди
Корея марказий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, синовлар «қўшни давлатлар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаган». Ракетанинг икки босқичи КХДР шарқий қирғоқларидан 10 ва 335 километр узоқликда денгизга қулаган.
Учиришга Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилик қилди. Корея марказий ахборот агентлигининг жума куни хабар беришича, у янги «Хвасон-18» баллистик ракетаси мамлакатнинг ядровий қарши зарба бериш салоҳиятини оширади.
Ким Чен Ин парвоз натижаларидан қониқиш ҳосил қилди.
Унинг сўзларига кўра, бундай қуролларнинг мавжудлиги КХДРга «ядровий қарши ҳужум самарадорлигини ошириш» имконини беради.
Шимолий Корея 13 апрель куни «Хвасон-18» ракетасини синовдан ўтказди. Мамлакат жорий йилда 12-марта ракета учирди, 9 та ҳолатда Пхеньян баллистик ракеталарни синовдан ўтказди.
Фото: kcna.kp