Шаҳрам Ғиёсов - Эймантас Станионис чемпионлик жанги 1 март куни ўтказилиши мумкин
TASHKENT. Kazinform – Ярим ўрта вазн тоифасидаги ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов навбатдаги жангини WBA чемпиони литвалик Эймантас Станионисга қарши ўтказади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизматига таяниб.
Боксчиларнинг жамоалари промоутерлик савдосидан олдин келишувга эришган. Хориж нашрларининг маълум қилишича, Ғиёсов — Станионис чемпионлик жанги 2025 йилнинг 1 март куни АҚШнинг Бруклин шаҳридаги "Barclays Arena"да ташкил этиладиган профессионал бокс оқшоми доирасида ўтказилади. Жанг асосий карддан (PPV) ўрин олган.
Мазкур оқшомнинг марказий жангида аслида, 14 декабрь куни ўтказилиши керак бўлган, бироқ кейинчалик 1 март санасига кўчирилган Жервонта Дэвис ва Ламонт Роач баҳси ташкил этилади.
Бундан ташқари, турнир доирасида Жермалл Чарлонинг ҳам рингга қайтиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Станионис сўнгги жангини май ойи бошида Габриэль Маэстрега қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонганди. Ғиёсов эса 31 июль куни Мигель Парра билан жангда зафар қучган.
Эслатиб ўтамиз, WBA чемпион Эймантас Станионис ҳамда даъвогар Шаҳрам Ғиёсов жанги учун промоутерлик савдосини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.