ШҲТ саммити пайтида Самарқанд шаҳридаги ҳар бир маҳаллада тиббий пункт ишлайди

None
TASHKENT. Kazinform - Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан 14 сентябрдан 17 сентябрга қадар Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади. Бу ҳақда Kazinform UzAга таяниб хабар беради.

Саммит пайтида шаҳар кўчаларида тез тиббий ёрдам автомашиналарининг ҳаракатланишига рухсат берилган бўлса-да вақтинчалик чеклов даврида аҳолига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ҳар бир маҳаллада оилавий шифокор ва 2 нафар ҳамширадан иборат тиббий пунктлар ташкил қилинди.


Маълум қилинишича, саммит кунлари Самарқанд шаҳрида тез тиббий ёрдам хизмати одатдаги тартибда фаолият олиб боради. 50 га яқин тез тиббий ёрдам машинаси ва тиббий бригада аҳоли чақириқлари бўйича хизмат кўрсатади. Амбулатор ёрдам кўрсатиш учун Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли барча оилавий поликлиникалар ҳар доимгидек соат 8:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатади. Консерватив даволанишга муҳтож беморларга туман шифохоналарида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун вилоят шифохоналарида фаолият кўрсатувчи малакали мутахассислар жалб этилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, ШҲТ саммити меҳмонларига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «1303» қисқа рақамли Сall-марказ ташкил қилинди. Бу ерда мутахассислар томонидан инглиз, рус, хитой ва бошқа тилларда мурожаатлар қабул қилинади. Зарурат туғилганда, таркибида деярли барча ихтисосликлар бўйича мутахассислар жамланган 50 та тиббий бригада ШҲТ саммити делегациялари аъзоларига хизмат кўрсатиш учун шай ҳолатга келтирилган. Бундан ташқари, саммит иштирокчилари ва меҳмонлар жойлашадиган меҳмонхоналарда тиббий мобиль гуруҳлар ташкил этилган.


Фото: UzA


Сўнгги хабарлар
telegram