Садир Жапаров Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеуни қабул қилди
BISHKEK. Kazinform - Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеуни қабул қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Қирғизистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар Қирғизистон-Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий фаолиятни фаоллаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Шу мақсадларда кенг кўламли икки томонлама ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш таклиф этилмоқда.
Қирғизистон раҳбари икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик юксак даражада эканини мамнуният билан қайд этиб, қардош Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида ҳал этилмаган муаммолар бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртилеу Қирғизистон Республикаси Давлат раҳбари Садир Жапаров томонидан мамлакатни иқтисодий ва институционал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ижобий натижалар беришига ишонч билдирди. У Қозоғистон қардош Қирғизистондаги воқеаларни диққат билан кузатиб боришини ва режалаштирилган ислоҳотларни амалга ошириш бўйича стратегик йўналишни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Учрашув якунида суҳбатдошлар икки томонлама муносабатлар қардош халқлар фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам изчил ва самарали ривожланишига ишонч билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, Мурат Нуртилеу Бишкекка расмий ташриф билан келган. У Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жээнбек Кулубаев билан музокаралар ўтказди, музокаралар давомида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қозоғистонга расмий ташриф билан бориши маълум бўлди.
Муаллиф: Гулмира Абдраҳманова