Россия ТИВ раҳбари Ўзбекистонга боради

MOSKVA. Kazinform - Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28−29 октябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади ва президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги TASSга таяниб.

Лавров
Фото: Россия ТИВ

«28−29 октябрь кунлари ташқи сиёсат идораси раҳбари амалий ташриф билан Ўзбекистон Республикасида бўлади. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров республика президенти томонидан қабул қилиниши, шунингдек, ушбу мамлакат ташқи сиёсат идораси раҳбари билан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган», — деди у.

Захарованинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида асосий эътибор Россия президенти Владимир Путиннинг 2024 йил май ойида республикага ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш ва Россия-Ўзбекистон шериклигини янада чуқурлаштириш ҳамда ривожлантиришга қаратилади.

«Икки томонлама кун тартиби, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар шу нуқтаи назардан кўриб чиқилиши кутилмоқда», — деди дипломат.

Россия ТИВ расмий вакили «Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳузуридаги кузатувчи мақомини ҳисобга олган ҳолда Евроосиё интеграцияси жараёнларини дипломатик қўллаб-қувватлаш» алоҳида мавзу бўлишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Лавровнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан ҳам учрашиши режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар