Президентга аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди

ASTANА. Кazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев «Байтерек» миллий бошқарув холдинги АЖ бошқаруви раиси Қанат Шарлапаевни қабул қилди. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.
None

Давлат раҳбарига холдингнинг ўтган йилги фаолияти якунлари юзасидан ҳисобот берилиб, келгуси давр учун режа тақдим этилди. Президентга тадбиркорлик, агросаноат комплексини қўллаб-қувватлаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича таклифлар берилди.

Давлат раҳбарига холдинг 2022 йилда рекорд даражадаги 350 миллиард тенге соф фойда кўргани маълум қилинди. Бу 2020 йилдаги кўрсаткичдан беш баравар ва 2021 йилдаги натижадан уч баравар кўп.

Ўтган йил якунларига кўра, умумий қиймати 685 миллиард тенге бўлган 238 та йирик лойиҳа ва лизинг битими молиялаштирилди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш доирасида қарийб 1,5 триллион тенгега тенг 50,5 мингта лойиҳага субсидиялар ажратилди.

Бошқарув раисининг сўзларига кўра, агросаноат мажмуаси субъектларига режалаштирилган 432 миллиард тенге ўрнига 522 миллиард тенге миқдорида маблағ йўналтирилди.

Шу билан бирга, Қанат Шарлапаев аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида умумий қиймати қарийб 1,4 триллион тенгега имтиёзли ипотека кредитлари ажратилгани, 211,8 миллиард тенгелик ҳиссадорлик қурилиши кафолатлангани ҳамда уй-жой қурилишини молиялаштириш учун ҳокимликларга 176,4 миллиард тенге ажратилганини маълум қилди. . Шу тариқа, қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари натижасида 2 миллион 200 минг квадрат метрдан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилди, 79 минг 865 оила ипотека кредитлари ажратиш ҳисобига уй-жой шароитини яхшилади.

Давлат раҳбари тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ва агросаноат комплексини ривожлантириш учун «Байтерек» холдингининг фаол иштирок этиши зарурлигини айтди.

Фото: аkordа.kz

Сўнгги хабарлар