Президент Павлодар вилояти ҳокимига вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш бўйича кўрсатмалар берди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Павлодар вилояти ҳокими Асайин Байхановни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президентга Павлодар вилоятини ўтган йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва келгуси даврга оид режага оид маъруза тақдим этилди.
“Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, ўтган йили Павлодар вилоятида иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларида ўсиш суръатлари кузатилган. Ўтган йили вилоятда ялпи ички маҳсулот ҳажми 5,8 фоизга ошди. Вилоятга 1,1 триллион тенге (ўсиш 38 фоиз) инвестициялар жалб қилинди. Бу рекорд кўрсатгичдир”, – дейилади баёнотда.
Президентга таркибида олтин мавжуд концентратни қайта ишлаш ва ферроқотишма ишлаб чиқариш бўйича иккита йирик лойиҳа амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди. Екибастуз шаҳрида 460 минг тонна қувватга эга 3 та ферроқотишма заводини қуриш режалаштирилган. Агар бу корхоналар ишга тушса, Қозоғистон ферроқотишма ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқади.
“Қасим-Жомарт Тоқаевга барча ижтимоий мажбуриятлар тизимли равишда бажарилаётгани ҳақида маълумот берилди. Вилоятда 30 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, 40 та янги объект фойдаланишга топширилди, 83 та ижтимоий бино таъмирланди. 3 та қўшимча таълим маскани ва 1800 ўқувчига мўлжалланган “Қулай мактаблар” барпо этилди. Авария ҳолатидаги мактаблар ўрнига 3 та таълим муассасаси қурилди, 26 та таълим муассасаси таъмирланди”, – дейилади Ақорда хабарида.
Вилоят ҳокими сўнгги 20 йилда биринчи марта иссиқлик таъминоти тармоқларининг эскириш даражаси 1,3 фоизга камайганини маълум қилди. Жамоат транспорти 80 фоизга янгиланиб, 230 та автобус олиб келинди. Трамвай парки Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан таъмирланмоқда. 25 та янги вагоннинг биринчи партияси жорий йилнинг сентябрь ойида етказиб берилади.
Давлат раҳбари сармоя жалб этишни давом эттириш, “Қулай мактаб” миллий режасини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида Президент вилоят иқтисодиётини янада диверсификация қилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш, баҳорги экиш ишларига тайёргарлик кўриш бўйича қатор топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҚР Президенти Молиявий мониторинг агентлиги раиси Жанат Элимановни қабул қилган эди.