14:03, 15 Сентябрь 2023 | GMT +5
Президент Оролни қутқариш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдирди
Душанбеда бўлиб ўтаётган Оролни қутқариш жамғармасининг 30 йиллигига бағишланган йиғилишда Президент ташкилотни янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини тақдим этди, деб хабар беради Кazinform Ақордага таяниб.

«Жамғарманинг ташкилий тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш жараёнини тезроқ якунлаш муҳим масала бўлиб қолмоқда. Жамғарма раҳбарияти ва ижроия қўмитасининг ваколат ва масъулиятини кенгайтириш зарур. Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясини Давлатлараро сув ва энергетика комиссияси сифатида қайта ташкил этишни тавсия қиламиз. Бундай чора-тадбирлар жамғарма фаолияти самарадорлигини оширади», – деди Давлат раҳбари.
Шунингдек, у минтақадаги барча давлатларнинг ирригация, гидроэнергетика ва экология соҳаларидаги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича узоқ муддатли ва барқарор минтақавий ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф қилди.
«Бизнинг фикримизча, бундай механизм ролини Халқаро гидроэнергетика концорциуми ўйнаши мумкин. Бундан ташқари, Орол денгизи ҳавзасидаги сув ресурсларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, бошқариш ва тақсимлашнинг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича иш режасини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши минтақада сувдан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлайди ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан мулоқот ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Унинг сўзларига кўра, бошқа муҳим ташаббуслардан бири Марказий Осиё мамлакатлари иқлим масалалари бўйича лойиҳа офисини ташкил этишдир.
Бу қадам иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини камайтириш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради.
«Биз Бишкекнинг жамғарма фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятидаги иштирокини ижобий баҳолаймиз. Умид қиламизки, Қирғизистон Республикаси яна Оролни қутқариш халқаро жамғармасига тўлақонли аъзо бўлади. Келгусида биз қардош Қирғизистон томонининг жамғармага раислик қилишини мамнуният билан қарши оламиз», — дея хулоса қилди Президент.