Президент «Мерейлі отбасы» миллий танлови ғолибларини табриклади
ASTANА. Кazinform — Астана шаҳрида Оила куни арафасида «Мерейлі отбасы» миллий танлови якунланиб, ғолиблар тақдирланди. Маросимда Қозоғистоннинг барча вилоятларидан ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган оилалар иштирок этди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев танлов ғолибларини алоҳида табриклаб, мактуб йўллади. Сенат раиси Маулен Ашимбаев Давлат раҳбарининг табрини ўқиб эшиттирди.
Давлат раҳбари ўз табрик мактубида оила институтини қўллаб-қувватлаш адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади. Шу боис мамлакатда бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилиб, тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
«Мерейлі отбасы» кўрик-танлови миллий қадриятларимизни тиклашга кенг йўл очадиган ўзига хос анъанага эга лойиҳадир. Халқимизга хос эзгу фазилатларни навқирон авлод онгига сингдириш барчамизнинг умумий вазифамиздир. Бу борада ҳар бир оила алоҳида ўрин тутади. Юртимизда ҳалол меҳнати билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган одобли оилалар кўп. Бугунги тантанали кеча бунинг ёрқин далилидир. Мазкур мусобақада ҳар бир оиланинг ғалаба қозонганини ҳамжиҳат халқимизнинг шонли муваффақияти, деб баҳолаш мумкин”, — дейилади Президент табрик мактубида.
Маулен Ашимбаев ўз нутқида Давлат раҳбари томонидан миллатнинг янги қиёфасини шакллантиришда оила институти ҳал қилувчи рол ўйнашига доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Палата спикери таъкидлаганидек, Давлат раҳбарининг Миллий қурултой йиғилишида эълон қилган “Ҳалол инсон — Ҳалол меҳнат — ҳалол даромад” концепцияси мамлакат мафкурасининг пойдевори сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
“Президент Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев оила салоҳиятини юксалтириш, она ва болани асраб-авайлаш, жамиятда тўғри қадриятларни улуғлашга доимо алоҳида эътибор қаратади. Давлат раҳбари ҳам ўз Мурожаатномасида ана шу масалаларга эътибор қаратиб, фуқароларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган қатор ижтимоий ташаббусларни эълон қилди. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги ҳар бир оила ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ”, – дея Маулен Ашимбаев Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Палатанинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тўхталиб ўтди.
Шунингдек, жорий йилда бошланган ва мамлакатда 7 миллион болани қамраб олган “Миллий жамғарма - болаларга” кенг кўламли лойиҳаси ҳақида ҳам сўз борди. Оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бошқа чора-тадбирлар муҳимлиги таъкидланди.
Сенат раиси танлов ғолибларини табриклар экан, «Мерейлі отбасы» кўрик-танлови маънавий-ахлоқий ва оилавий қадриятларни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Умумий лойиҳада узоқ йиллардан буён бир соҳада меҳнат қилиб келаётган меҳнат сулолалари, ижодкор ва фарзанд асраб олувчи оилалар, кўнгиллилар ва ҳомийлар иштирок этмоқда. Бу йил танлов 11-маротаба ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, танловнинг ҳудудий босқичида иштирок этиш учун Қозоғистоннинг барча вилоятларидан 3369 та ариза келиб тушган. Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева танлов ғолибларини табриклади.
“Қозоғистондаги ҳар бир оила мамлакатнинг таянчи ва юраги ҳисобланади. Танловда фаол иштирок этиб, ғолиб бўлганингиздан хурсандман. Ҳар бир оила миллий қадриятларни сингдираётган фарзандларининг завқини кўрсин!” - деди Аида Балаева.
“«Мерейлі отбасы» – 2024” танловида Ақмола вилоятидан - Кўнбайлар, Алмати вилоятидан - Жанбаевлар, Ақтўбе вилоятидан - Нурбаевлар, Абай вилоятидан - Смагуловлар оиласи ғолиб чиқди.
Шунингдек, республиканинг Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарларида Адилбаев, Қапишев ва Сиддиқовлар оилалари совриндор бўлди.
Бундан ташқари, Ғарбий Қозоғистон вилоятидан - Хамзинлар, Қарағанди вилоятидан - Халабаевлар, Шимолий Қозоғистондан - Хасеновлар, Атираудан - Сиралиевлар, Қостанайдан - Шукуровлар, Жамбилдан - Танатаровлар, Жетисудан - Алекеевлар, Павлодардан - Темировлар, Улитаудан - Қидирпатшаевлар, Қизилўрдадан – Бектаевлар, Манғистаудан - Муқирбаевлар, Туркистондан - Менлибаевлар ва Шарқий Қозоғистон вилоятидан Қидирхановлар оиласи энг яхши деб топилди.