Президент: “Қозоғистон болалари” деб номланган ягона дастур қабул қилиш керак
BURABAİ. Кazinform – Таълим билан бирга тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Бурабайда бўлиб ўтаётган Миллий қурултойнинг IV йиғилишида маълум қилди.

– Маҳаллий ҳокимият органлари, маҳалла фаоллари оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ишларидан четда қолмоқда. Бундан ташқари, бу борадаги ишлар ҳозирда турли ҳужжатлар билан тартибга солинади. Ҳозир ҳаммаси пароканда бўлиб кетган. Менимча, буларнинг барчасини бир жойда тўплаш лозим. Шу муносабат билан “Қозоғистон болалари” деб номланган ягона дастур қабул қилиш керак. Бу жуда муҳим ҳужжат бўлади. Уни тайёрлашга Ҳукумат ва Парламент депутатлари, Омбудсман Динара Закиева, жамоат арбоблари ҳисса қўшади, деб ўйлайман, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент таъкидлаганидек, илғор тафаккурли авлодни вояга етказишда таълим ва тарбия ҳамиша ёнма-ён бўлиши керак.
– Очиғи, болалар таълими соҳасида бунгача таълимга кўпроқ эътибор қаратилди. Келажак авлодни тарбиялашда эса тизимли ёндашув йўқ эди. Бу соҳага етарлича эътибор берилмаган. “Тарбиясиз таълим инсониятнинг энг ашаддий душманидир”. – Шу боис таълим билан бирга тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим, – деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бурабай шаҳрида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида Миллий қурултойнинг IV йиғилиши бошлангани ҳақда хабар берган эдик.
Шунингдек, Президент уч йил ичида Қозоғистон янги типдаги давлатга айланганини таъкидлади.