Пикассонинг расми аукционда 139 миллион долларга сотилди

Испаниялик рассом Пабло Пикассонинг 1932 йилда яратилган асари 139 миллион долларга сотилди ва рассомнинг иккинчи энг қиммат картинасига айланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги BBCга таяниб.

Пикассо картинаси
Фото: ЕРА

Sotheby's маълумотларига кўра, Femme a la Montre (Соатли аёл) ҳам бу йил ким ошди савдосида сотилган энг қиммат асар бўлди. Расмда рассомнинг кўплаб асарлари мавзуси бўлган француз модели Мария-Тереза Вальтер тасвирланган.

Ким ошди савдосига қўйилишидан аввал асар 120 миллион долларга баҳоланган эди. Картина илгари 1968 йилда уни сотиб олган санъат коллекционери марҳум Эмили Фишер Ландауга тегишли бўлган ва кейинчалик уни аноним харидор сотиб олган.

Ким ошди савдосида сотилган энг қиммат Пикассонинг картинаси "Жазоир аёллари" асари бўлди, у 2015 йилда Christie's аукционида 179,3 миллион долларга сотилган.

Пикассо 1881 йилда Малагада туғилган ва Барселонада ўсган. 1904 йилда у Парижга кўчиб ўтди ва 20-асрнинг энг муҳим рассомларидан бирига айланди. Саксон йиллик фаолияти давомида у 150 мингга яқин бадиий асар яратди. Унинг тўрт фарзанди бор эди ва 1973 йилда 92 ёшида Франция жанубида вафот этди.

Сўнгги хабарлар