Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилади
TASHKENT. Kazinform – Мазкур нуфузли анжуман Марказий Осиёда илк бор ўтказилмоқда, деб хабар беради UzA.

ЎР Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига асосан Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси 2025 йил 5-9 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
190 га яқин мамлакат парламентини бирлаштириб келаётган Парламентлараро иттифоқ ассамблеяси йилига икки маротаба ўтказилади. Мазкур тадбир фақатгина парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори бўлган мамлакатлардагина ўтказилади.
Мазкур Ассамблеянинг асосий мавзуси “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” деб номланган, унинг доирасида бутун дунё парламентлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.
Шунингдек, бир ҳафта давомида Парламентлараро иттифоқнинг қўмиталари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан ва технология, ёшлар масалаларига бағишланган турли тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Чимкент шаҳрида Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида ёзган эдик.