Олий таълим нархи: университетлар ва меҳнат бозори қандай ўзгармоқда

ASTANA. Kazinform – Ҳар йили олий таълим муассасаларида ўқиш нархи ошиб бормоқда. Бунга инфляция даражаси, ОТМ харажатлари, ҳатто соҳадаги ислоҳотлар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Kazinform мухбири талабалар тўлайдиган маблағлар қаерга сарфланиши ва ўқиш нархига таъсир қилувчи асосий омилларни таҳлил қилди.

Олий таълим нархи: университетлар ва меҳнат бозори қандай ўзгармоқда
Фото: Kazinform

Нега ўқиш нархи қимматлашди? 

Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида олий таълим хизматлари нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8 фоизга ошган.

Ҳудудлардаги ўсиш кўрсаткичлари турлича. Энг юқори ўсиш Атирау вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда ўқиш нархи 36,3 фоизга қимматлаган. Рўйхатдан Туркистон вилояти (19,6%), Манғистау вилояти (15,2%), Қостанай вилояти (1,8%), Чимкент шаҳри (15,4%) ва Астана шаҳри (15%) ҳам ўрин олган. Фақат Алмати вилоятида таълим олиш нархи ошмаган — ҳудудда ўқиш ҳақи ўзгаришсиз қолган. 

жоо
Инфографика: Kazinform

Демак, ўқиш нархининг ошиши университетлар учун умумий тенденция бўлса-да, барча ҳудудларда кўрсаткичлар бир хил эмас. Мутахассислар буни олий таълим муассасаларининг турли ривожланиш йўналишларини танлаши билан изоҳламоқда. Аниқроқ айтганда, ҳар бир ОТМ моддий-техник базани янгилаш ва профессор-ўқитувчилар таркибини такомиллаштиришда мустақил молиявий сиёсат юритади: қайси университетда лойиҳалар кўп бўлса, харажатлар ҳам кўп бўлади, ўзгаришлар кам бўлган ОТМларда эса маблағ тежалади.

Масалан, Фан ва олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, кейинги йилларда университетларнинг харажатлари сезиларли даражада ошган. Улар ўқитувчиларнинг маошини ошириш, лабораторияларни модернизация қилиш, таълимни рақамлаштириш ва илмий инфратузилмани ривожлантириш учун катта маблағ сарфламоқда. Талабалар учун ётоқхоналар қуришга ҳам оз маблағ кетмаяпти, бунга инфляция босимини ҳам қўшиш керак. Охир-оқибат, барча харажатлар ўқиш нархига таъсир қилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, давлат олий таълим муассасалари учун ягона ўқиш ҳақини белгиламайди. Бироқ вазирлик университетлар ўқиш нархини белгилаётганда таълим гранти миқдорини ҳисобга олиши керак, деган позицияда ва нархларни асоссиз оширишга қарши.

Шу муносабат билан иқтисодчи Сапарбай Жобаев ўқиш нархининг ошишини иқтисодий вазият билан боғлади.

“Агар йиллик инфляция 10-12 фоиз даражасида бўлса, олий таълим қийматининг тахминан шу суръатда ошиши табиий. Бу – объектив иқтисодий жараён”, – дейди эксперт.

Унинг фикрича, ўқиш нархининг ошишини фақат инфляция билан изоҳлаш нотўғри. Ҳудудлардаги ўқиш нархига университетларнинг кўп йиллик нарх сиёсати ҳам таъсир кўрсатган. 

“Пойтахтдаги университетларда ўқиш ҳақи аввалдан юқори. Агар ўқиш нархи ҳали ҳам ошиб бораётган бўлса, демак, абитуриентлар сони кўпайган. Ҳудудларда эса абитуриентлар сони нисбатан кам бўлгани сабабли, ўқиш ҳақи узоқ йиллар давомида паст даражада сақланди. Энди ҳудудлардаги ОТМлар нархларни ошириш орқали бозор даражасига аста-секин яқинлашмоқда”, – дейди Сапарбай Жобаев. 

оқу
Инфографика: Kazinform

Экспертнинг таъкидлашича, етакчи миллий университетлар ва ҳудудий ОТМлар ўртасидаги ўқиш ҳақидаги фарқ ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Ҳозирги кунда нуфузли миллий университетларда бир йиллик ўқиш нархи 1-4 миллион тенге оралиғида бўлса, кўплаб ҳудудий университетларда бу кўрсаткич тахминан 550–700 минг тенгени ташкил этади.

Пуллик таълим орзуга айланиб қолмайдими?

Таълим нархи университетларнинг молиявий имкониятлари, инфратузилма даражаси ва абитуриентлар талаби билан боғлиқ экани тушунарли. Нархларнинг ошиши иқтисодий нуқтаи назардан мантиқли кўринса-да, бу ерда яна бир савол туғилади: ўқиш ҳақи аҳоли учун қай даражада ҳамёнбоп?

Олий таълимга янги кирган ёшларнинг, айниқса қишлоқдан келган абитуриентнинг ҳамёнига фақат ўқиш ҳақи зарба бермайди. Бундан ташқари, уй-жой ижараси, озиқ-овқат ва йўл ҳақига кетадиган харажатлар ҳам бор. Шунинг учун олий таълимнинг ҳамёнбоплигини фақат ўқиш ҳақи билан баҳолаш етарли эмас.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) тадқиқотига кўра, айнан шу қўшимча харажатлар қишлоқдан чиққан ёшларнинг олий таълим олишига асосий тўсиқ бўлмоқда. Социология фанлари доктори Едил Нуримбетовнинг фикрича, ҳар бир инсоннинг олий таълим олиш имконияти мавжуд бўлса, ижтимоий аҳвол ва даромадни яхшилаш анча осон бўлади.

“Агар олий таълим олиш имконияти чекланса, у ҳолда соҳа «ижтимоий лифт» сифатидаги вазифасини йўқотади. Бундай вазиятда «Қозоғистондаги барча фуқаролар олий таълим олиш учун бир хил имкониятга эгами?» деган қонуний савол туғилади”, – дейди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудлардан келган талабанинг ҳақиқий харажатлари ўқиш ҳақидан қарийб икки баравар кўп. Шу сабабли давлат молиявий юкламани таълим грантлари сонини кўпайтириш орқали камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳар йили давлат грантлари ва квоталар сони оширилиб, «Серпин» ва «Келешек» дастурлари амалга оширилмоқда. Таълим грантларини тақсимлашда муҳандислик, тиббиёт, педагогика, аграр ва IT мутахассисликларига устуворлик берилмоқда.

Бироқ ушбу йўл билан муаммони ҳал қилиш йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда. Бунга сабаб — абитуриентлар сонининг кўпайиши. Масалан, бир неча йил аввал мактабни ҳар йили тахминан 200 минг нафар битирувчи тамомлаган бўлса, жорий йилда уларнинг сони қарийб 215 минг нафарга етди. Давлат грантидан мактаб битирувчилари билан бир қаторда коллеж битирувчилари ва ўтган йилги битирувчилар ҳам умид қилмоқда. Ҳар йили давлат таълим грантлари сони кўпайиб бораётган бўлса-да, бюджет ҳисобидан ўқиш истагидаги ёшлар сафлари ҳам кенгаймоқда.

Иқтисодчи Сапарбай Жобаевнинг фикрича эса, олий таълим олиш учун барча имкониятлар мавжуд ва хавотирга асос йўқ.

“Бугунги кунда талабаларнинг ярмидан кўпи давлат ҳисобидан таълим олмоқда. Кўплаб мутахассисликлар бўйича грант улуши 55-60 фоизгача етади. Бундан ташқари, давлат гранти миқдори бўлимдаги ўқиш ҳақининг пасайишига таъсир кўрсатмоқда”, – дея қўшимча қилди спикер.

Сапарбай Жубаев
Фото: Жубаевнинг шахсий архивидан

Ёз ойларида вазирлик давлат таълим грантлари қайси мутахассисликларга ажратилганини эълон қилади. Кейинги тенденцияларга қарасак, абитуриентлар давлат гранти ажратилган мутахассисликларни танлашга ўтган.

“Иқтисодиёт, ҳуқуқ ва гуманитар мутахассисликларда рақобат анча юқори. Баъзан 120 балл тўплаган абитуриентнинг ўзи ҳам грантга эга бўла олмай қолади. Техник йўналишлар бўйича эса грантлар кўпроқ ажратилади, шунинг учун бу йўналишдаги мутахассисликларга нисбатан паст балл билан ҳам ўқишга кириш имконияти мавжуд”, – деб тушунтирди Сапарбай Жобаев.

Диплом яхши иш топишга кафолат эмас

Бу масала бўйича экспертлар фикри турлича. Айримлар университетга киритилган инвестиция ўзини оқлашига шубҳа билдирса, бошқа томон давлат маблағи ҳисобидан таълим олган ёшларнинг меҳнат бозоридаги улушини танқид қилади. Жамиятнинг олий таълимга муносабати ҳам шу масала атрофида шаклланиб бормоқда.

Чунки сўнгги бир неча йилда нафақат ўқиш ҳақи, балки иш берувчиларнинг олий маълумотга қўяётган талаблари ҳам ўзгарди. Илгари диплом мутахассиснинг малакасини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланган бўлса, ҳозир кўплаб компаниялар номзоднинг аниқ билими ва кўникмаларига кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистонда 1,8 миллиондан ортиқ ёш университетни тамомлаган, яна қарийб 1,6 миллион нафар ёш техник ва касбий таълим олган.

Ҳозир ёшларни энг кўп иш билан таъминлаётган соҳа — савдо. Бу соҳада 643 минг нафар ёш меҳнат қилмоқда. Таққослайдиган бўлсак, ахборот ва алоқа соҳасида — 102,4 минг, молия секторида эса атиги 96,5 минг киши ишлайди.

Бу нимани англатади? Демак, ёшлар меҳнат фаолиятини олган мутахассислигига мос бўлмаган соҳада бошлаётганидан далолат беради. Бундан таълим грантларини тақсимлашдаги камчиликларни, шунингдек, меҳнат бозорида дипломга бўлган муносабат ўзгарганини кўриш мумкин.

Казахстанский ученый и исследователь Едил Нурымбетов
Фото: из личного архива Едила Нурымбетова

Бундай ҳодисанинг асосий сабаби иш берувчилар талабларига бевосита боғлиқ. Едил Нуримбетовнинг айтишича, дунёда «диплом иқтисодиёти»дан «кўникмалар иқтисодиёти»га (skill-based economy) ўтиш жараёни кечмоқда.

“Оксфорд университети махсус тадқиқот ўтказди. Тадқиқот натижаларидан кўриниб турибдики, иш берувчилар номзодни фақат муҳандислик, кимё ёки техник маълумотига қараб баҳоламайди. Кўпчилик ўзгаришларга тез мослаша оладиган, мураккаб вазиятларда тез қарор қабул қиладиган инсонни ишга олишни истайди. Компаниялар ходимларни самарали бошқариш ва жамоада ишлай олиш кўникмаларини ҳам ҳисобга олади”, – деди спикер.

Шунинг учун ҳозир талабалар ўқиш билан ишни бир вақтда олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Чунки тажриба дипломдан кам баҳоланмайдиган қадриятга айланди. Бундан ташқари, ишлаш бир томондан касбий кўникмаларни шакллантирса, иккинчи томондан ўқиш ҳақини тўлашга ёрдам беради.

Олий таълим тизимидаги асосий масала ўқиш ҳақи эмас. Масала университетларнинг иқтисодиёт эҳтиёжларига мос малакали мутахассислар тайёрлаш қобилиятида. Ҳозир университетлар икки вазифани бир вақтнинг ўзида ҳал қилишга мажбур: харажатларга қарамай, ўқиш ҳақини ҳамёнбоп даражада сақлаш ва талабаларни меҳнат бозорига мослаштириш.

Шу мақсадда кенг кўламли ташаббуслар амалга оширилмоқда. ОТМлар кадрлар тайёрлашнинг янги моделига босқичма-босқич ўтаётган бўлса, давлат олий таълимни молиялаштириш ва грантлар ажратиш механизмларини янгиламоқда. Иш берувчилар эса битирувчиларни тажрибаси ва касбий кўникмаларига қараб баҳолай бошлади.