Нур-Султанда янги истироҳат боғи қурилади
«Тинчлик ва муроса боғи» Нур-Султан шаҳридаги Есил дарёси бўйида пойтахт ҳокимлиги кўмагида барпо этилади. Шаҳар ҳокимлиги Урбанизм марказидан маълум қилишларича, лойиҳанинг асосий ғояси - «Ҳаёт дарахти» монументидир. Ушбу қурилиш гумбаз шаклида амалга оширилади, унинг ўртасида баргли дарахт - эман дарахти ўрнатилиши режалаштирилган.
«Муаллиф ғоясига кўра, асрлар давомида чуқур илдиз отган сув ва ҳаёт дарахти ердаги ҳаётнинг ҳақиқий қиёфасини очиб беради. Шундай қилиб, инсталляция барча конфессияларнинг келишувга, тинчлик ва дўстликка даъватини ифодалайди. Гумбаз, ўз навбатида, бир осмон остидаги дунёни ифодалайди. Бу ерда 4 та асосий нуқта - жанубий, шимолий, ғарбий, шарқни ифодаловчи 4 та кириш зонаси бўлади», - дейилади марказда.
Гумбаз деворларига замонавий даврга даъват сифатида дунёнинг яратилиши, Қозоғистон тарихидаги воқеалар, шунингдек, мамлакат ҳудудидан топилган машҳур қадимий қоятош расмлари – петроглифлар ўрнатилган. Дарахт атрофидаги спирал осмонни (гумбазни) ва ерни (сув юзасини) боғлаб туради.
Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII Қурултойи делегациялари раҳбарларининг сони бўйича «Ҳаёт дарахти» монументи атрофига 50 тупдан ортиқ баргли ва игнабаргли дарахтлар экилади. Тадбир делегатлари умумий концепция асосида марказий дарахтлар экишда ҳам иштирок этади. Дарахтлар яқинида боғга асос солинган сана кўрсатилган эсдалик лавҳалари ўрнатилади.
Боғ қурилишини 2023 йилда якунлаш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган.