Непалдаги сув тошқини: 1003 киши ҳалок бўлди, 600 нафар ишчи туннелда қолиб кетди
ASTANA. Kazinform – Непалнинг Хитой билан чегарадош ҳудудида ўтган ҳафта содир бўлган вайронкор сув тошқини оқибатида камида 1003 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда сешанба куни Непал фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб BBC хабар берди.
3900 дан ортиқ киши ҳануз бедарак йўқолганлар рўйхатида. Улар орасида Тришули дарёси бўйидаги гидроэлектр станцияларининг лой билан тўлиб қолган улкан туннеллар тармоғида қолиб кетган бўлиши мумкин бўлган 600 нафардан ортиқ ишчи ҳам бор. Ҳозир муҳандислар туннелларга ҳаво юбориш билан машғул.
Қутқарувчилар гуруҳи туннеллардан бирига киришга муваффақ бўлган, бироқ ер остида ҳеч кимни топмаган.
Непал Бош вазири Балендра Шаҳнинг айтишича, душанба куни электр станцияларидан 279 киши қутқарилган.
Қутқарув операциясини Хитой ва Непал ҳарбий хизматчиларидан ташкил топган халқаро гуруҳ олиб боряпти. Унда Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Австралия мутахассислари ҳам иштирок этяпти.
Непал электр энергияси ишлаб чиқаришда гидроэнергетикага сезиларли даражада боғлиқ. Мамлакат кўп йиллардан бери тоғ дарёлари бўйлаб гидроэнергетика лойиҳаларини ривожлантириб келади.
Ҳукумат маълумотларига кўра, сув тошқини оқибатида фойдаланишга топширилган ва қурилиши давом этаётган камида 11 та гидроэнергетика лойиҳаси зарар кўрган.
Ўтган дам олиш кунлари қутқарувчилар туннелларга ҳаво ҳайдашни бошлаган. Бироқ ер остида қолиб кетган ишчиларнинг яқинлари бу ишни эртароқ амалга ошириш кераклигини таъкидлаяптилар.
Непал ҳукумати раҳбари қутқарув операцияси кучайтирилишини маълум қилиб, вайронкор сув тошқинини глобал иқлим ўзгариши билан боғлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалда ҳали ҳам кўчки хавфи мавжуд эканини ёзган эдик.