Наманганда «Абай» ижодига бағишлан «Миллат виждони» китоби тақдим этилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими билан ҳамкорликда «ZOOM» платформаси орқали ўзбек-қозоқ ижодкорларининг онлайн учрашувида таниқли адиб Исоқжон Нишоновнинг Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган «Миллат виждони» китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ёшлар зиё маскани ва Шарқий Қозоғистон вилоятидаги давлат кутубхонаси ўртасидаги онлайн тадбирда наманганлик ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари, кутубхона вакиллари, қозоғистонлик ношир ва ижодкорлар иштирок этди.
«Қардош қозоқ халқининг буюк ижодкори ҳақидаги китоб тақдимоти ўтказилаётгани кутубхонамизнинг қўшни давлат билан келгусидаги ҳамкорлик алоқалари учун тамал тоши бўлди. Биз ҳали дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган бу каби тадбирларни мунтазам ўтказишни ривожлантириб борамиз», – дейди «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхонаси раҳбари Дилноза Азизова.
Тадбирда Шарқий Қозоғистон вилоят кутубхонаси ҳамда «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхонаси ўртасида биргаликда турли ижодий учрашувлар, тақдимотлар ўтказишга келишиб олинди.