Моношаҳарларда умумий қиймати 100 млрд тенге бўлган тўртта инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда

Қанат Шарлапаев
Фото: Рrimeminister.kz

ASTANA. Kazinform - 14 та моношаҳарда 1,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида ҚР Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

- 14 моношаҳарда 1,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. 2023 йилда мазкур корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 18,5 триллион тенгени ёки республика кўрсаткичининг 40 фоизини ташкил қилди”, - деди Қанат Шарлапаев.

Вазир янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шундай қилиб, ўтган йили умумий қиймати 268 миллиард тенге бўлган 8 та лойиҳа ишга туширилди. 800 дан ортиқ иш ўрни яратилди.

- Масалан, «Богатырь комир»да кўмир ташишнинг янги технологияси жорий этилди. Лойиҳа 7 мингга яқин ишчининг меҳнат шароитларини яхшилаш ва кўмир қазиб олиш ҳажмини 50 миллион тоннага етказиш имконини беради. Степногорскдаги Қорабулоқ конида 400 кг олтин қазиб олиш заводи ишга туширилди, 200 дан ортиқ иш ўрни сақланиб қолди. Темир йўллар учун пластик элементлар ишлаб чиқариш ҳам кенгайтирилди”, - дея қўшимча қилди Қанат Шарлапаев.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда умумий қиймати 100 миллиард тенгедан ортиқ бўлган тўртта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, мингга яқин доимий иш ўрни яратилмоқда. Янги ферроқотишма заводи, кокс ишлаб чиқариш, шунингдек, иккита ишлаб чиқариш қуввати – Олтой шаҳридаги бойитиш заводи ва Степногорск шаҳридаги металл буюмлари заводини модернизация қилиш шулар жумласидандир.

2030 йилгача моношаҳарларда умумий қиймати 5,5 триллион тенге бўлган 46 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Уларнинг бир қатори мамлакатдаги 17 та йирик лойиҳа рўйхатига киритилди.

Сўнгги хабарлар