Мирзағали Айтжанов бокс бўйича Қозоғистон эркаклар терма жамоаси бош мураббийи бўлди
Қозоғистон бокс федерациясининг хабар беришича, М.Айтжанов ўз ихтиёри билан жамоа етакчилигидан кетган Қайрат Сатжановнинг ўрнини эгаллади.
Мирзағали Айтжанов Олимпиада бронза медали совриндори, жаҳон чемпиони Сакен Бибосиновнинг шахсий мураббийи ҳисобланади.
М.Айтжанов 2009-2018 йилларда терма жамоани бошқарган.
Терма жамоанинг энг муҳим тарихий ютуқлари унинг номи билан боғлиқ.
Жумладан, Лондондаги Олимпия ўйинларида Серик Сапиев чемпион ва Вэл Баркер кубоги соҳибига айланди.
Данияр Елеусинов бу муваффақиятни Рио-де-Жанейродаги ўйинларда такрорлади.
Жамоа Мирзағали Айтжанов билан биргаликда жаҳон чемпионатларида 5 та (2013 йилда 4 та, 2017 йилда 1 та) олтин медални қўлга киритди.
Мирзағали Айтжанов халқаро спорт устаси, Қозоғистонда хизмат кўрсатган мураббий.
1988 йилда у СССР терма жамоаси таркибида ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиқди.
Қозоғистон бокс федерацияси Қайрат Сатжановга меҳнати учун миннатдорчилик билдирди.
Шу билан бирга, терма жамоани яна ўз қўлига олган Мирзағали Айтжановга жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида муваффақиятлар тилади.
Фото: instagram.com/boxingkazakhstan
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ