Миллион тенгелик таълим: хусусий мактаб ота-онага нимани таклиф қилади
ASTANA. Kazinform – Бозорда қўзиқориндек кўпайиб бораётган хусусий мактаблар нафақат трендга, балки таълим соҳасининг асосий марказларидан бирига айланиб улгурди. Фарзандини хусусий мактабга бериш учун миллионлаб маблағ сарфлайдиган ота-оналар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция таълим ва тарбияга қандай таъсир қилади, ўқувчиларни катта ҳаётга мослаштириш қайси муҳитда самарали амалга оширилади? Kazinform мухбири шу саволларга жавоб излади.
Нега хусусий мактабларга талаб юқори?
Ўқув йили яқинлашиб қолди. Бу йил ҳам фарзандини хусусий мактабга беришга тайёр ота-оналар кўп. Ҳар бирининг хусусий мактабни танлаш сабаби турлича. Айримлар болани кун бўйи мактабда қолдириб, фақат кечқурун олиб кетиш мумкин бўлган қулай шароитни устунлик сифатида кўрса, бошқалар синфдаги ўқувчилар сони камлигини асосий сабаб деб билади. Баъзилар эса МЯТ (Миллий ягона тест) )га тайёргарлик сифатини муҳим омил сифатида кўрсатади. Ҳатто хусусий мактаб боланинг шахс сифатида шаклланиши, замон билан ҳамнафас бўлиши ва рақобатбардошлигини ошириши учун яхши шароит яратади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор.
Бироқ мутахассисларнинг бу каби сабабларга жавоби тайёр. Экспертларнинг тушунтиришича, Қозоғистондаги хусусий мактабларда таълим ва тарбия усуллари тубдан ўзгарган эмас. Бундан ташқари, боланинг жамиятга қанчалик тез мослашишига мактабнинг ўзи ҳал қилувчи таъсир кўрсатмайди.
Таълим соҳаси эксперти Ўмир Шинибекулининг айтишича, хусусий мактабни танлаш ҳақидаги ота-оналар қарорига бир нечта омил таъсир қилади. Биринчиси – синфдаги ўқувчилар сони.
“Биринчидан, хусусий мактабда бола эътибордан четда қолмайди. Энг муҳими, синфдаги ўқувчилар сони кам. Агар синфда 12-18 нафар ўқувчи бўлса, ўқитувчи ҳар бир боланинг ўқиш суръати ва қизиқишларини яхшироқ кузатиш имконига эга бўлади. 30-35 нафар ўқувчи бўлган синфда эса ўқитувчининг ҳар бир болага алоҳида вақт ажратиши анча қийин. Шунинг учун ота-она амалда фақат кам сонли ўқувчилар ўқийдиган синф учун эмас, балки фарзандига ажратиладиган вақт учун пул тўлашга тайёр”, – деб баҳолади спикер.
Дарҳақиқат, Қозоғистонда мактабларда жой етишмаслиги долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ҳозир республика бўйича 8 мингдан ортиқ мактаб мавжуд бўлиб, уларда қарийб 4 миллион нафар бола таълим олади. Ушбу мактабларнинг аксарияти, яъни 7 мингдан ортиғи давлат секторига тегишли бўлса, 856 таси хусусий таълим муассасаларидир. ҚР Таълим-маориф вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозир яна 245 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж бор. Чунки қарийб 3 минг мактаб бир сменада, 5 мингга яқин мактаб эса икки сменада ишлайди.
Ушбу юкламани камайтириш учун Ҳукумат хусусий мактабларга таянишга мажбур. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидиялар ва турли имтиёзлар тақдим этилмоқда. Натижада сўнгги беш йилнинг ўзида хусусий мактаблар сони деярли икки баравар кўпайди. Уларнинг ўнтадан тўққизтаси давлат буюртмаси доирасида молиялаштирилади. Шу тариқа, хусусий таълим сектори уч сменали мактаблар ва ўқув ўринлари етишмаслиги муаммосини ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
“Давлат мактабларида ўқувчилар сонининг кўплиги таълим сифатига таъсир қилиши ҳақиқат, бироқ буни мутлақ қонуният сифатида қабул қилиб бўлмайди. Ҳа, синфдаги ўқувчилар сони ортгани сари ўқитувчининг ҳар бир ўқувчига алоҳида эътибор қаратиш имконияти камаяди. Бу тортинчоқ, уятчан ва алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун қийинчилик туғдиради. Бироқ «кўп бола – сифатсиз таълим» деган формула тўғри эмас. Кучли ўқитувчи ва тўғри ташкил этилган дастур бўлса, 30 нафар ўқувчи билан ҳам яхши натижага эришиш мумкин”, – деб тушунтирди Ўмир Шинибекули.
Умуман, Қозоғистон мустақилликка эришган йиллардан бери 3 200 та мактаб фойдаланишга топширилган. Қизиғи шундаки, ушбу таълим муассасаларининг учдан бири, яъни мингдан ортиғи сўнгги беш йилда қурилган. Бироқ қурилаётган мактаблар сони демографик ўсиш ва урбанизация суръатларидан ортда қолмоқда. Масалан, бу йил 215 мингдан ортиқ битирувчи мактабни тамомлади, сентябрь ойида эса мактаб остонасини илк бор ҳатлайдиган болалар сони 380 минг нафарни ташкил этади.
Боланинг келажагига муҳит таъсир қиладими?
Давлат мактабларидаги ўқувчилар сони таълимга таъсир қилса-да, бу ҳолат катта зарар келтиради, деб айтиш қийин. Бугун давлат мактабларини тамомлаган қанчадан-қанча битирувчилар хорижий олий таълим муассасаларининг имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, давлат таълим грантларини қўлга киритмоқда.
Шунинг учун ота-оналар хусусий мактабни танлаётганда фақат болага индивидуал эътибор қаратилишига эмас, балки бошқа омилларга ҳам эътибор беради. Ўмир Шинибекулининг фикрича, хусусий мактаблар ота-оналарни қулай шароит ва таълим муҳити билан қизиқтиради. Унинг сўзларига кўра, хусусий мактабларда таълим, овқатланиш, спорт, тўгараклар, транспорт ва хавфсизлик ягона тизимга бирлаштирилган. Яъни баъзи ҳолларда ота-она фарзандини хусусий мактабга бериш орқали ҳам вақти, ҳам маблағини тежайди.
«Хусусий мактабларга талабнинг ортишига таълим сифати ҳам таъсир қилади. Айрим хусусий мактабларда халқаро дастурлар, лойиҳа асосида таълим бериш, хорижий тиллар, STEM, тадбиркорлик, танқидий фикрлаш ва soft skillsга кўпроқ эътибор қаратилади. Бироқ қиммат дастур – сифатли таълим дегани эмас. IB, Cambridge ёки бошқа халқаро дастур қўлланилиши мумкин, бироқ унинг натижаси барибир ўқитувчининг профессионаллиги, мактаб раҳбарияти ва таълим маданиятига боғлиқ”, – дейди эксперт.
Медиа-эксперт Ерболат Турсинқожа эса хусусий мактабдаги ижтимоий муҳитнинг таъсирини таҳлил қилди. Мутахассиснинг айтишича, айрим ота-оналар фарзандининг атрофидаги одамлар унинг ҳаёт йўлида ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Молиявий имконияти бўлса, хусусий мактабга мурожаат қилишининг сири ҳам шунда.
“Айрим ота-оналар фарзанди кимлар билан бирга улғаяётганига эътибор беради. Хусусий мактабларда ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўхшаш бўлган оилалар фарзандлари кўп бўлиши мумкин. Бу муайян муҳитни шакллантиради. Бундай муҳит афзаллик берадими – масала шунда. Аслида, бундай муҳит болага афзалликдан кўра хавф туғдириши мумкин. Бола жамиятнинг бошқа ижтимоий қатламлари билан камроқ мулоқот қилиши эҳтимол. Ҳаёт – мактабдаги қулай муҳит эмас, балки ҳар қандай вазиятга, ҳар қандай муҳитга мослашиш зарур бўлган жараён”, – дейди мутахассис.
Ерболат Турсинқожанинг фикрича, бу борада давлат мактаблари битирувчилари анча устун.
“Давлат мактабининг бир муҳим хусусияти бор, у ҳам бўлса – ижтимоий хилма-хиллик. Бола турли характерга эга, турли оилалардан чиққан, турлича қарашдаги инсонларни кўради ва улар билан мулоқот қилади. Бу кейинги ҳаёт учун жуда муҳим кўникма”, – деб қўшимча қилди эксперт.
Бизнес ва таълим ўртасидаги чегара
Ҳозир хусусий мактабда бола ўқитиш арзон эмас. Мамлакатдаги хусусий мактаблар таклиф қилаётган нархлар диапазони турлича. Ҳудудларда ойлик ўқиш тўлови 50 000 тенгедан бошланса, Алмати ва Астана каби мегаполисларда 1 миллион тенгедан ошиб кетади.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, 2026-2027 ўқув йилида хусусий мактаблар 1-синфга ўқувчи қабул қилиш учун катта миқдорда маблағ талаб қилади. Агар фарзандингиз QSI Almaty International School, Haileybury Almaty, Haileybury Astana, Charterhouse Almaty, Kazakhstan International School (KIS) каби мактабларда ўқишини истасангиз, ҳар йили 10-12 миллион тенге сарфлашга тайёр бўлишингиз керак. Мамлакатдаги қарийб 20 та мактабнинг йиллик ўқиш тўловини солиштирсак, уларнинг ҳеч бирида бу сумма 3 миллион тенгедан кам эмас.
Ҳозир хусусий мактабларда 325 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Астаналик ота-она Бақит Жумабекқизи фарзандини хусусий мактабга берганлардан бири. У ота-она сифатида нега хусусий мактабни танлаганини тушунтирди.
“Менинг мактаб ёшидаги уч нафар фарзандим бор. Катта ўғлимнинг қобилияти юқори бўлгани учун, имконият излаб, уни хусусий мактабга бердик. Ҳақиқатан ҳам, муҳити яхши, тилларни яхши ўзлаштиряпти. Бироқ қолган икки фарзандимни хусусий мактабга беришга имкониятимиз мутлақо етмайди, улар давлат мактабида ўқийди. Икки мактаб ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас. Фақат хусусий мактабда тўгараклар ҳам, спорт секциялари ҳам мактабнинг ўзида бор. Мактабдан кейин болани қўшимча дарсларга олиб боришга ҳожат йўқ”, – дейди Бақит Жумабекқизи.
Шуни таъкидлаш жоизки, 2018 йилдан бошлаб хусусий мактабларга умумий ўрта таълим бериш бўйича давлат таълим буюртмасини жойлаштириш имконияти қонунан белгилаб қўйилди. Шу тариқа, айрим ота-оналар миллионлаб пул тўламасдан, фарзандларини хусусий мактабларда бепул ўқитмоқда. Давлат томонидан болаларни хусусий мактабларда ўқитиш учун махсус субсидиялар ҳам ажратилади. 2020 йилда киши бошига молиялаштириш учун 13 миллиард тенге ажратилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 242 миллиард тенгега етди. 2028 йилгача эса хусусий мактаблардаги давлат таълим буюртмаси учун 760 миллиард тенге ажратилиши режалаштирилган.