Маулен Ашимбаев Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси билан учрашди
Маулен Ашимбаев ўз нутқида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. У, шунингдек, икки мамлакат Давлат раҳбарлари даражасидаги ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқот суръатларига эътибор қаратди ва қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
«Мамлакатларимиз иттифоқчи ва стратегик ҳамкорлардир. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик қардошлик, ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик, асрлар давомида шаклланган тарихий-маданий алоқаларга асосланади. Палаталар ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиямиз орқали ҳам икки томонлама муносабатлар фаол ривожланяпти. Мазкур Комиссия қонун ижодкорлиги фаолиятида тажриба алмашиш ва ўзаро мулоқотни ривожлантириш учун самарали платформа ҳисобланади. Қолаверса, Орол масаласида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан келгусида ҳам фаол ҳамкорликни давом эттиришга умид қиламиз», – деди Маулен Ашимбаев.
Учрашувда минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Бундан ташқари, Сенат Раиси ҳамкасбини Ўзбекистонда умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Шунингдек, у Қозоғистонда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан бошланган ислоҳотларни қонунчилик нуқтаи назаридан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Ўз навбатида, Танзила Нарбаева Қозоғистонда амалга оширилаётган сиёсий ўзгаришларни юқори баҳолади ва икки давлат парламентарийларининг биргаликдаги конструктив фаолияти Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.