Мактаблар ва университетларда сунъий интеллект: мамлакатлар таълимни келажак учун қандай мослаштирмоқда
ASTANA. Kazinform - Қозоғистонда ўрта таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича Комплекс чора-тадбирлар режаси тайёрланмоқда. Тегишли Фармон Давлат раҳбари томонидан имзоланган. Хорижий экспертлар фикрича, Қозоғистон тажрибаси бутун постсовет макони учун намуна бўлиши мумкин. Бугунги кунда технологиялар IT соҳаси ва замонавий педагогик амалиётлар ривожланган бир қатор илғор мамлакатларда жорий этилмоқда. Сунъий интеллект индустрияси жадал ўсиб бораётган шароитга дунё қандай мослашаётгани ҳақида Kazinform шарҳида ўқинг.
Хитой сунъий интеллектни таълим сиёсатидаги асосий элементга айлантирмоқда
Хитой эрта ёшдан бошлаб сунъий интеллектни таълим жараёнига интеграция қилишга қаратилган «AI Plus Education» ташаббусини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2030 йилга бориб мамлакат сунъий интеллект бўйича таълимнинг комплекс тизимини шакллантиради. Бу тизим таълимнинг барча босқичларини ҳамда кенг аҳоли қатламларини қамраб олади.
Режа бошланғич ва ўрта мактабларда сунъий интеллект таълимини жадал жорий этишни назарда тутади, жумладан махсус курсларни ишга тушириш ҳамда сунъий интеллект мавзусини турли фанларга интеграция қилишни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, мактабларга сунъий интеллект билан боғлиқ таълимни дарсдан ташқари дастурлар ва амалий машғулотларда ривожлантириш тавсия этилади, бу эса ўқувчиларга технологиялар билан синфдан ташқарида танишиш имкониятларини кенгайтиради.
Барча талабалар сунъий интеллект асосларига ўқитилади
Олий таълим муассасалари учун янада кенг қамровли чоралар назарда тутилган: сунъий интеллект асосларини барча талабалар учун базавий таълим дастурига киритиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, университетларга сунъий интеллектни бошқа таълим йўналишлари билан бирлаштирувчи фанлараро курслар яратиш тавсия этилади.
Параллель равишда университетлар таълим дастурларини меҳнат бозорининг ўзгарувчан эҳтиёжларига мослаштиради ва илғор технологиялар ҳамда янги бизнес моделлари ривожига мос янги мутахассисликларни яратади.
Ҳужжат шунингдек ўқув жараёнида сунъий интеллектдан фаол фойдаланишни ҳам назарда тутади — хусусан, ўқитувчилар юкини камайтириш ва иш самарадорлигини ошириш учун рақамли воситалардан фойдаланиш. Технологиялар уй вазифаларини текшириш, интеллектуал баҳолаш, ўқувчилар саволларига жавоб бериш ва рақамли менторликни ташкил этишда қўлланилиши режалаштириляпти.
Бундан ташқари, синфдаги ўзаро алоқани таҳлил этиш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш таклиф этиляпти, бу эса ўқитувчиларга таълим методикаларини такомиллаштириш имконини беради. Ҳужжатда шунингдек ўқитувчиларни аттестация ва сертификатлаш тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш имконияти ҳам кўриб чиқилган.
Хитой сунъий интеллект соҳасини 13-чи беш йиллик режа доирасида, тахминан ўн йил аввал ривожлантира бошлаган. Шундан бери соҳа сезиларли даражада ўсди: СИ компаниялари сони 6 мингдан ошди, 2025 йилда эса соҳа ҳажми 1,2 трлн юаньдан юқори бўлди.
2026-2030 йилларни қамраб олган 15-чи беш йиллик режада Пекин сунъий интеллектни қўллаш соҳасида етакчиликни мустаҳкамлаш ва AI Plus ташаббусини иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кенгайтиришни мақсад қилган.
Сунъий интеллект Эстонияда мактаб таълимининг бир қисмига айланмоқда
2022 йилда ўтказилган PISA тест натижаларига кўра, Эстония Европада математика, табиий фанлар ва ижодий тафаккур бўйича биринчи ўринни, ўқиш бўйича эса Ирландиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.
Эстония муваффақияти кўплаб омилларга боғлиқ бўлса-да, айнан рақамли технологиялардан фаол фойдаланиш уни бошқа мамлакатлардан ажратиб туради.
2025 йилда мамлакатда AI Leap номли миллий ташаббус бошланди. Бу Европа миқёсида таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича энг амбицияли миллий тажрибалардан бири бўлиб, ҳукумат маълумотига кўра, у ўқувчилар ва ўқитувчиларга сунъий интеллект соҳасида «жаҳон даражасидаги воситалар ва кўникмалар»ни таъминлайди. Тажриба доирасида ҳукумат Сэм Альтманнинг OpenAI компанияси билан биргаликда Эстониянинг ўрта мактабларида сунъий интеллектга асосланган махсус таълим платформасини жорий этди. Мақсад - 2027 йилгача 58 минг ўқувчи ва 5 минг ўқитувчига сунъий интеллектга асосланган илғор таълим воситаларига бепул кириш имконини бериш.
Бугун мамлакатдаги ўрта мактаб юқори синфларидаги 20 минг ўқувчининг тахминан ярми ушбу янги платформадан фойдаланиб келяпти, қолганларининг эса жорий ёзда қўшилиши кутиляпти. Касб-ҳунар мактаблари эса келаси ўқув йили давомида уларга эргашиши керак.
Таълим ва фан вазири Кристина Каллас буни таълим бериш усулини қайта кўриб чиқишга уриниш сифатида таърифлади.
БААда СИ мактаб дастурининг шартли қисми сифатида қабул қилинган
2025 йилда Бирлашган Араб Амирликлари давлат мактабларида боғчадан то юқори синфларгача сунъий интеллект билан ишлашни ўқув дастурининг мажбурий қисмига айлантирди. Ислоҳот мақсади — ўқувчиларга сунъий интеллект тамойилларини тушуниш ва уларни кундалик ҳаётда қўллаш учун зарур билим ва кўникмаларни бериш.
Бунинг учун Таълим вазирлиги 1000 нафар ўқитувчини махсус тайёргарликдан ўтказди ҳамда мактаб дастурларига СИ дарсларини интеграция қилиш учун таълим тизимига ўзгартишлар киритди.
Ўқитувчиларга кенг ресурслар, жумладан топшириқлар, шаблонлар ва мослашувчан дарс режалари тақдим этилди, шунингдек, мунтазам ўқув машғулотлари ва ундан кейинги учрашувлар ўтказилди. Барча давлат мактабларида дастурни самарали жорий этиш учун махсус мониторинг қўмиталари ташкил этилди.
БААнинг сунъий интеллект бўйича ўқув дастури еттита асосий йўналиш атрофида қурилган бўлиб, уларга фундаментал тушунчалар, маълумотлар ва алгоритмлар, дастурий таъминотдан фойдаланиш, ахлоқий онг, амалий қўллаш, инновация ва лойиҳа яратиш, шунингдек сиёсат ва жамоатчилик билан ҳамкорлик киради.
Дастур ҳар бир ёш гуруҳининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, бунда ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари босқичма-босқич ошириб борилади.
Тўрт ёшли болалар сунъий интеллект билан ўйинлар, ҳикоялар ва визуал топшириқлар орқали танишиб, машиналар нимани қила олиши ва нимани қила олмаслигини ўрганади. Кейинги босқичда ўқувчилар инсон ва машина ўртасидаги фарқни ажратишнинг асосий кўникмаларини ўзлаштиради, 10-14 ёшли болалар эса сунъий интеллект тизимларини яратиш ва баҳолаш асосларини ўрганади. Ўрта мактабда эса асосий эътибор сўровларни тузиш ва моделлаштирилган рақамли муҳитлар билан ишлашга қаратилади.
Сунъий интеллект бўйича дарслар мустақил фан сифатида, информатика курслари билан биргаликда ўқитилади, бу эса мавжуд ўқув дастури билан мувозанатли интеграцияни таъминлаб, СИга алоҳида эътибор қаратиш имконини беради.
Хусусий мактабларда ушбу курс 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади, бу эса таълимни мамлакат бўйлаб универсал қилиш имконини беради.