ҚР Ташқи ишлар вазири расмий ташриф билан Ўзбекистонга боради

Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
«2023 йилнинг 17 август куни Ўзбекистон томонининг таклифига биноан ҚР Ташқи ишлар вазири – ҚР Бош вазири ўринбосари Мурат Нуртилеу расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасига боради. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказилади. Томонлар кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишлари, юқори ва олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишнинг боришини кўриб чиқишлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашишлари режалаштирилган«, - деди вазирлик вакили Айбек Смадияров ҳафталик брифингда.
Шунингдек, учрашув якунларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда.