ҚР Президенти сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича республика штабининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

None
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2023-2029 йилларга мўлжалланган «Адолатли Қозоғистон: Барчамиз учун ва ҳар биримиз учун. Ҳозир ва ҳар доим» номли сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича республика штабининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу ҳақда ҳукумат расмий сайтига таяниб, Kazinform хабар бермоқда.

Сайловолди дастурини сифатли амалга ошириш учун «Йўл харитаси» ишлаб чиқилганини Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маълум қилди. Унда 117 та банд, турли соҳалар бўйича масъул давлат органлари ва топшириқларни бажаришнинг аниқ муддатлари кўрсатилган.

Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аерокосмик саноат вазири Бағдат Мусиннинг сўзларига кўра, «Йўл харитаси»нинг ҳар бир банди мониторинги реал вақт режимида интерактив онлайн бошқарув панели орқали амалга оширилади. Яъни қоғоз ҳисоботлар, маълумотномалар ва тақдимотлар бўлмайди.

Бундан ташқари, ўрнатилган видеокамералар ёрдамида инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини визуал мониторинг қилиш имкониятларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Бу барча лойиҳаларнинг боришини онлайн кузатиш имконини беради.

Бош вазир республика штаб йиғилишлари мунтазам равишда ўтказилиши, «Йўл харитаси»ни амалга ошириш бўйича биринчи ҳисобот 2023 йил 20 апрелга қадар тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Вазирликлар ва ҳокимликлар раҳбарлари «Йўл харитаси» бўйича олиб борилаётган ишларни шахсий назоратида ушлаб туриши керак. Президентнинг Сайловолди дастури келгуси етти йил учун асосий ҳужжатдир. Биз Давлат раҳбари томонидан берилган барча топшириқларни тўлиқ ва сифатли амалга оширишимиз керак», — деди Алихан Смаилов.

Бундан ташқари, Ҳукумат раҳбари рақамли технологиялардан фойдаланиш режалаштирилган барча тадбирларнинг шаффоф мониторинги ва самарали бажарилишини таъминлаш имконини беришини айтди.

«Бу ҳар бир топшириқнинг қай босқичда амалга оширилиши, қаерда ишни фаоллаштириш кераклигини кўриш имконини берувчи қулай восита бўлади. Бошқа томондан, бу қоғозда ҳисобот беришни сезиларли даражада қисқартиради, чунки ҳаммаси онлайн тарзда амалга оширилади», — дея хулоса қилди Алихан Смаилов.

Фото: primeminister.kz

Сўнгги хабарлар