ҚР Президенти Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ташиш лойиҳасини ишга тушириш маросимида иштирок этди
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Россия Федерациясига амалий ташрифи доирасида Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали “Марказий Осиё – Марказий” магистраль газ қувури орқали Ўзбекистонга етказиш лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда расмий сайтига таяниб.
Маросимда Давлат раҳбари билан бирга Россия Президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқида ушбу тарихий воқеа Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорлигини мутлақо янги босқичга кўтаришини ва мамлакатлар ўртасидаги дўстона қўшничилик муносабатлари йилномасида яна бир ёрқин саҳифа очишини таъкидлади.
“Айтиш мумкинки, газ саноати давлатларимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун бу лойиҳа барча иштирокчилар манфаатига мос келади. Қозоғистон ўз ҳудудида магистраль газ қувурини тайёрлашни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда якунлади. Лойиҳа Россия газининг экспорт йўналишларини диверсификация қилишга, Қозоғистон газ транспорти инфратузилмасини кенгайтириш ва модернизация қилишга ёрдам беради. Шунингдек, бу Ўзбекистоннинг йилига 3 миллиард куб метргача бўлган ва йилдан-йилга ортиб бораётган табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради. Шу билан бирга, бу мамлакатларимиз саноатини ривожлантиришга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, фуқароларнинг турмуш даражасини оширишга янги суръат бағишлайди”, – деди Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади.
“Йилига 255 миллиард куб метргача газ ўтказиш имкониятига эга магистраль газ қувурининг 20 минг километрдан ортиқ қисми мамлакатимиз ҳудудидан ўтади. Қозоғистон ўзининг транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишдан манфаатдор ва Россия газини ташиш ҳажмини янада оширишга тайёр”, – деди Президент.
Ўз нутқи якунида Қасим-Жомарт Тоқаев муҳим трансмиллий лойиҳани илгари суришда қўшган шахсий ҳиссаси учун Владимир Путинга ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбари Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон газ соҳаси мутахассислари ҳамкорликдаги ишларни профессионал даражада ва катта масъулият билан бажарганини таъкидлади.
Тадбирда Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев ҳам сўзга чиқди.
Телекўприк давомида ҚР Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев Атирау вилоятидаги “Мақат” компрессор станцияси билан боғланиб, “Марказий Осиё – Марказий” магистраль газ қувурининг Қозоғистон қисми тайёр эканлигини маълум қилди. Ўзбекистондаги “Қорақалпоғистон” газ ўлчаш станцияси, Саратов вилоятидаги “Александров Гай” компрессор станцияси ва Санкт-Петербургдаги Лахта-Центрдан ўзбекистонлик ва россиялик газ мутахассислари бир вақтнинг ўзида онлайн алоқада бўлиб, тайёргарлик ишлари якунланганини маълум қилишди.
Кейин уч давлат раҳбарлари Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга ташиш лойиҳасини ишга туширишга рухсат берди.