ҚР Президенти PSA компаниялар гуруҳи бош менежерини қабул қилди

Компания лойиҳалаштириш, қурилиш, қуруқлик ва денгиз портларини бошқариш, транспорт-логистика, савдо ва божхона жараёнларини рақамлаштириш билан шуғулланади. PSA тармоғининг 26 мамлакатда 50 дан ортиқ филиаллари мавжуд.
Суҳбат чоғида Қозоғистонда қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг транспорт-логистика ва инфратузилма салоҳиятига эътибор қаратиб, «Хитой-Европа» йўлаги бўйича қуруқликдаги транзит юк ташишнинг 83 фоизи мамлакатимиз орқали ўтишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, PSAнинг портларни бошқариш, логистика ва рақамлаштириш бўйича тажрибаси алоҳида қизиқиш уйғотади.
Тан Чон Мэн Президентга учрашиш имконияти учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистондаги турли транспорт-логистика лойиҳаларига сармоя киритишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Сингапурлик тадбиркор, шунингдек, «Қазақстан темір жолы» миллий компанияси билан логистика хизматлари ва рақамли транспорт йўлагини ривожлантириш, шунингдек, Сингапур тажрибаси асосида божхона тартиб-таомилларини ўзгартириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Компания режалари билан танишгач, Қасим-Жомарт Тоқаев PSA билан ҳамкорлик ривожини кузатишини ва ўзаро манфаатли натижаларни кутишини айтди.
Учрашувда рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин, индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири Қаирбек Ускенбаев ва «Қазақстан темір жолы» компанияси раиси Нурлан Сауранбаев PSA билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан ўз фикрларини билдирди.