ҚР Президенти ЕХҲТнинг амалдаги раисини қабул қилди

NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистон Президенти ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Польша Ташқи ишлар вазири Збигнев Рауни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

ҚР Президенти ЕХҲТнинг амалдаги раисини қабул қилди

Учрашувда Президент умумхалқ референдумига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида гапирди.

— Референдум мамлакатдаги жиддий сиёсий ўзгаришлар жараёнининг бошланишидир. Қозоғистонда демократияни ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади, – деди Президент.

Қозоғистон Президенти Польша билан икки томонлама ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, бу давлатни Марказий Европа минтақасидаги муҳим ҳамкор деб билишини айтди.

– 2021 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошиб, 760 миллион долларни ташкил этди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун бизда кенг имкониятлар мавжуд, – деди Қозоғистон раҳбари.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади.

— Назаримда, бўлажак референдум Конституцияга ўзгартиришлар киритиш, аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш, бозор ислоҳотларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларингиз нуқтаи назаридан катта ютуқдир. Бўлажак референдум ижобий ўзгаришларга олиб келадиган сиёсий ирода белгисидир. Қайд этишни истардимки, мамлакатингизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар демократия, эркинлик ва қонун устуворлиги тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган, – деди польшалик дипломат.

Збигнев Рау мамлакатдаги диний жамоалар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ўтказган учрашувлари ҳақида маълумот берди. У, шунингдек, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликнинг қозоқ моделини юқори баҳолади ва Қасим-Жомарт Тоқаевга Қозоғистонда яшовчи поляк диаспорасини доимий қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.