ҚР Меҳнат вазирлиги инклюзив сиёсат концепциясини ишлаб чиқишга киришди
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги 2030 йилгача инклюзив сиёсат концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлади. Шу муносабат билан бугун вазирликда нодавлат ташкилотлар ва давлат органлари вакиллари йиғилиш ўтказди.

"Ўтган йилнинг декабрь ойида Президент “Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги чора-тадбирлар режаси тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Ушбу режага мувофиқ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига йил охиригача 2030 йилгача инклюзив сиёсат концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди. Концепцияни ишлаб чиқишдан мақсад ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига интеграция қилишдан иборат. Шу боис барча нодавлат ташкилотлар билан муаммоларни давлат органлари билан биргаликда муҳокама қилиш, ҳар бир йўналиш бўйича таклифлар тўплаш ва концепцияни ишлаб чиқишда уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олишни режалаштирганмиз”, — деди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири ўринбосари Назгул Сағиндиқова.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 725 минг нафар ногиронлиги бор инсон бор. Уларнинг 400 мингга яқини меҳнатга лаёқатли, 109 минг нафари болалар, 200 мингга яқини нафақахўрлардир.
«ITeachMe» жамоат фонди раҳбари Заҳира Бегалиеванинг айтишича, инклюзив сиёсат концепцияси мамлакат учун жуда муҳим стратегик ҳужжатдир.
“Инклюзивлик туғилишдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахснинг бутун умри давомида ўзига хослигини ҳисобга олишни англатади. Инклюзивлик Қозоғистон фуқароларини қўллаб-қувватлашга қаратилган барча давлат дастурларига киритилиши керак. Дарҳақиқат, инсон саломатлиги ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар, ўзини тўла намоён қила олиши жуда муҳим”, — деди у.