ҚР Aхборот ва жамиятни ривожлантириш вазирлиги ва Facebook қўшма баёнот билан чиқди
Бу ҳақда Aхборот ва жамиятни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати га таяниб, Kazinform хабар берди.
Қозоғистон Республикаси Ҳукуматига ахборот маконининг хавфсизлигини оширишда ёрдам бериш учун Facebook Қозоғистонга ўзининг ички контент ҳақида хабар бериш тизимига («Content Reporting System», CRS) эксклюзив тўғридан-тўғри киришни тақдим этди.
CRS вазирликка Facebookнинг глобал контент сиёсатини ҳам, Қозоғистон Республикасининг миллий қонунчилигини ҳам бузадиган контент ҳақида тезкор хабар беришга имкон беради.
Қозоғистон Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлиб, контент сиёсати учун масъул бўлган Facebookнинг халқаро жамоаси билан тўғридан-тўғри алоқа канали ва тизимига уланган.
Facebookнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича минтақавий директори Жорж Ченнинг сўзларига кўра, Facebook Қозоғистон Ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга, айниқса, интернетда болалар хавфсизлигини таъминлашга интилади.
«Узоқ муддатли ҳамкорлигимиздаги биринчи қадам сифатида биз Қозоғистон Ҳукуматига зарарли контентга қарши янада самарали ва муросасиз курашишда ёрдам берадиган «Контент ҳақида хабар бериш тизими»дан фойдаланиш имкониятига эга бўлганимиздан мамнунмиз». Facebook жамоаси қозоғистонлик мутахассисларни кибермакон хавфсизлигини таъминлаш учун ўқитишда давом этади», — деди у.
Aхборот ва жамиятни ривожлантириш вазирлиги ўз навбатида Facebook билан икки томонлама ҳамкорликни юқори баҳолайди.
Жорий йилнинг 28 октябр куни Facebook жамоаси вазирлик мутахассислари учун «Контент ҳақида хабар бериш тизими», шунингдек, Facebookнинг контент сиёсати ва ҳамжамият стандартлари билан ишлаш бўйича тренинг ўтказди. Ноябр ойи бошидан вазирлик тизимда иш бошлайди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг доимий механизмини йўлга қўйиш, жумладан, турли йўналишларда вазирлик билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи Facebookнинг ҳудудий ваколатхонасидан ваколатли вакилни тайинлаш бўйича келишиб олдилар.
Вазирлик «Контент ҳақида хабар бериш тизими»дан фойдаланиш Facebook ва Instagramда ноқонуний контентнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича ишларнинг оперативлиги ва умумий самарадорлигини оширишига умид қилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, вазирлик Қозоғистон бозорида фаолият юритувчи интернет-компаниялар билан конструктив мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр ва бундан кейин ҳам хавфсиз ахборот маконини яратиш йўналишини давом эттиради.