Қозоғистоннинг газлаштириш даражаси 64,2% га етди — Янги конлар ўзлаштирилади
ASTANА. Кazinform — Мамлакатнинг газлаштириш даражаси 64,2% га ва табиий газга эга бўлган аҳоли сони 13,1 миллионга етди. Бу ҳақда Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда ички бозорни газ билан таъминлаш, ресурс базасини кенгайтириш ва стратегик лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун узоқ муддатли режалаштириш зарурлиги таъкидланди.
— Давлат раҳбари иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун замонавий энергетика инфратузилмаси, ички бозорни энергия ресурслари билан ишончли таъминлаш ва стратегик инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини доимо таъкидлайди. Бу вазифалар газ секторига ҳам тўлиқ тегишли. Чунки ички истеъмол ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Ўтган йили у 20 миллиард кубметрга етди, — деди Бош вазир Олжас Бектенов.
Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов шу йилнинг 24 июнь куни “Қозоғистон Республикасининг газ таъминоти ва электр энергияси бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланганини эслатди. Мамлакатни газлаштириш 2035 йилгача умумий газлаштириш схемаси доирасида амалга оширилади.
Тижорат газининг ресурс базасини кўпайтириш мақсадида иккита асосий ҳужжат тасдиқланди. Булар Қозоғистон Республикасининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган газ саноатини ривожлантиришнинг комплекс режаси ва 2035 йилгача углеводород хомашёсининг янги истиқболли конларини ривожлантириш режаси.
Ушбу ҳужжатларнинг асосий мақсади янги нефт ва газ конларини босқичма-босқич ривожлантиришнинг самарали механизмини шакллантириш, углеводород ресурс базасини барқарор равишда ошириш ва иқтисодиёт ва аҳолининг табиий газга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлашдан иборат.
— Режа доирасида 30 та ер ости бойликлари участкалари кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар «QazaqGaz» билан 9 та шартнома имзоланган. Улардан 6 таси қидирув босқичида, 3 таси эса ишлаб чиқариш босқичида. 2023-2025 йилларда Анабай, Барханная, Рожковское ва Западная Прорва конлари «QazaqGaz» ва «ҚазМунайГаз» миллий компаниялари томонидан тижорат мақсадларида ўзлаштирилади. Бундан ташқари, 2027 йилда Западная Прорва конининг иккинчи ишга тушириш комплекси ва Малдибай, Придорожное, Ўриктау конларини ишга тушириш режалаштирилган, — деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон аҳолисининг табиий газ билан таъминланиш даражаси 80% гача оширилади.