Қозоғистонликлар Республика кунини нишонламоқдалар
Бу йил Республика куни муносабати билан қозоғистонликлар уч кун – 23, 24 ва 25 октябр кунлари дам олишди.
1990 йил 25 октябрда Қозоғистоннинг давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Декларацияда Қозоғистон ССР суверенитети эълон қилинди ва Қозоғистоннинг мустақил давлат сифатидаги сиёсий ва ҳуқуқий асослари эълон қилинди. Унда биринчи марта ҳудуднинг яхлитлиги, бўлинмаслиги ва дахлсизлиги, халқлар маданияти ва тилларини ривожлантириш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш каби давлатчилик тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилди.
25 октябр 2001 йилда давлат байрамлари рўйхатига киритилган. 2009 йилдан Республика куни байрамлар рўйхатидан чиқарилди.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 16 июн куни бўлиб ўтган Миллий Курултайнинг биринчи йиғилишида сўзга чиқиб, миллий байрам мақомини Республика кунига қайтаришни таклиф қилди.
Сентябр ойида Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутатлари Мажилисни кўриб чиқиб, «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кинематография, маданият ва байрамлар масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Хусусан, «Қозоғистон Республикасида байрамлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, унда 25 октябрда Республика куни, 16 декабр эса Мустақиллик куни давлат байрами сифатида белгиланди. Шунингдек, 1 декабр – Биринчи Президент кунини давлат байрамлари рўйхатидан чиқариш таклиф қилинди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев 22 октябр куни Республика куни арафасида давлат мукофотлари ва совғаларини топширишга бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.
«Республика куни асосий миллий байрам сифатида чинакам умумхалқ миқёсига айланиши керак. Фуқаролар Республика куни ғоясини қандай иштиёқ билан қабул қилганини кўраман. Барча ҳудудларда тантанали концертлар, илмий анжуманлар, ижодий танловлар, спорт мусобақалари ўтказилади, ватанпарварлик, кўнгиллилик, хайрия тадбирлари ташкил этилади», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев ва мамлакатда Республика кунининг руҳи ва мазмунини имкон қадар акс эттирувчи умуммиллий ташаббуслар зарурлигини таъкидлади.
Байрам арафасида Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев олий ҳарбий ва махсус унвонлар, синфий унвонлар бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Шунингдек, «Астана» опера ва балет театрида Президент иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди. Концерт дастуридан таниқли қозоқ санъаткорлари, опера хонандалари, хореографик гуруҳлар, шунингдек, симфоник оркестр чиқишлари бўлди.
17 октябрдан Республика байрамига бағишланган кенг кўламли тадбирлар ўтказила бошланди. 28 октябрга қадар ҳудудларда концертлар, тантанали йиғилишлар, спорт ўйинлари ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.
Жумладан, 25 октябр куни пойтахтда саккизта катта концерт дастури ташкил этилади. Улардан энг каттаси EXPO кўргазмасидаги концертдир. Унда таниқли ижодий жамоалар, хонандалар, ансамбллар иштирок этади.
Муаллиф: Ақбота Кузекбай