Қозоғистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 80 кишининг жасадини олиб чиқди

Бу маълумотлар бугун Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинди, деб хабар беради Kazinform.
Ҳозирда қозоғистонлик қутқарувчилар қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда.
Газиантепдаги биринчи эшелон қутқарувчилари икки участкада кечаю-кундуз икки сменада ишламоқда.
Бир гуруҳ қутқарувчилар тўққиз қаватли бинода. Бино бутунлай вайрон бўлган, вайроналар остидан 4 киши қутқарилди, 22 кишининг жасади олиб чиқилди.
Яна бир қутқарувчилар гуруҳи олти қаватли бинода ишламоқда. Бино бутунлай вайрон бўлган. Вайроналар остидан 24 кишининг жасади чиқарилди.
Қозоғистондан ФВВнинг иккинчи эшалони билан келган қутқарувчилар Туркияга етиб келган пайтдан бошлаб Нурдаги шаҳрида туну-кун қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда. Тўлиқ вайрон бўлган бинода қозоғистонлик қутқарувчилар одамларнинг жойлашуви ва аҳволини аниқлаш, вайроналар остидаги жабрланганлар билан аудио алоқа ўрнатиш, зарур ёрдам миқдори ва характерини аниқлаш устида ишламоқда.
Қозоғистонлик қутқарувчилар 18 минг куб метрдан ортиқ уйилган вайрона остидан уч кишини - бир эркак ва икки аёлни тирик ҳолда олиб чиқди. Одамлар зудлик билан тиббиёт ходимларига етказилган. 11 кишининг жасади қазиб олинди. Жабрланганларни қидириш учун техник воситалар, вайроналарни парчалаш учун муҳандислик ускуналари қўлланилмоқда. Вайроналар орасидан одамлар қидирилмоқда.
Қозоғистон тиббиёт марказининг Табиий офатлар тиббиёти маркази шифокорлари жабрланганларга 24 соат давомида биринчи тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Кунига ўртача 35 дан ортиқ жароҳат олганлар тиббий ёрдамга мурожаат қилишади. Улар орасида ўткир стресс реакцияси, нафас олиш йўллари касалликлари, шунингдек, турли жароҳатлар билан боғлиқ касалликлар аниқланмоқда.