Қозоғистонга 500 миллион евро инвестиция жалб қиладиган лойиҳалар ишга туширилади
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида саноат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Бельгия Қироллигига амалий ташрифи доирасида Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев Қозоғистон ва ЕИ ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган бир қатор ҳужжатларга имзо қўйди ҳамда европалик бизнес вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев, Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен иштирокида Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазирлиги ҳамда Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки (ЕҚТБ) ўртасида минераллар ва металлар соҳасида илғор тажриба марказини ташкил этиш учун техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу лойиҳа илмий тадқиқот фаолияти ва илғор технологияларни уйғунлаштирувчи замонавий геологик кластерни шакллантириш имконини беради.
Шунингдек, Саноат ва қурилиш вазирлиги линияси бўйича бир қатор стратегик келишувлар имзоланди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарадиган етакчи европалик компаниялар — Dewulf NV ва Väderstad Group билан Қозоғистон ҳудудида қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни локализация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Лойиҳаларнинг умумий инвестиция ҳажми 500 миллион евронни ташкил этади. Қозоғистон томонидан ҳамкорлар сифатида «АгромашХолдинг KZ» АЖ ва Eurasia Group AG компанияси иштирок этади.
Dewulf NV компанияси картошка йиғиш техникасини, Väderstad Group эса тупроққа ишлов бериш техникасини ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариш қувватлари Қостанай ва Туркистон шаҳарларидаги «АгромашХолдинг KZ» АЖнинг локализация марказлари базасида жойлаштирилади.
Бундан ташқари, «Жезқазғансирекмет» РДК Европа «EIT RawMaterials» уюшмаси билан қозоғистонлик мутахассисларни ўқитиш бўйича ҳамда «P&P Industries AG» компанияси билан олтингугурт кислотаси заводини қуришнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича шартномалар имзолади.
Брюссель шаҳрида Ерсайин Нағаспаев Alphamar Resources фондининг Европадаги ҳамкори Грегори Камю, Danieli Group компанияси бош директори Джакомо Марески Даниэли ва BAUER Röhren- und Pumpenwerk Ges.m.b.H. компанияси бошқарув директори Отто Ройсс билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар давомида стратегик муҳим минераллар, шунингдек металлургия ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунларига кўра, томонлар истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.