Қозоғистонга 35 та йирик хорижий компаниялар кўчиб ўтди

None
ASTANА. Кazinform – «AMANAT» партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов 2026 йилгача бўлган инвестиция сиёсати концепцияси қандай амалга оширилаётганини тушунтирди, деб хабар беради Кazinform.

Бугунги кунда амалдаги қонунчилик доирасида инвестицияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар қўлланилмоқда.

«Инвестиция шартномаси доирасида устувор тармоқларда ишлаётган корхоналар солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиниб, натура шаклида грантлар олади. Йирик инвесторларни жалб қилиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган амалдаги чора-тадбирлардан исталган бирини таклиф қилган ҳолда индивидуал шартларда инвестиция шартномасини тузиш мумкин. Шу билан бирга, инвестор учун қарши мажбуриятлар ўрнатилади. Шунингдек, солиқ қонунчилигининг барқарорлигини кафолатлайдиган инвестиция мажбуриятлари тўғрисида шартнома тузиш имконияти жорий этилади», - деди Ҳукумат раҳбари.

Унга кўра, нефть-газ саноатига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб такомиллаштирилган намунавий шартномани тузиш чоғида фискал имтиёзлар жорий этилган.

Бир қатор хорижий корхоналарни Қозоғистонга кўчириш доирасида бугунги кунда 35 та йирик хорижий компаниялар мамлакатга кўчиб ўтди.

Бу борадаги ишлар янада чуқурлаштирилмоқда.

«Кўрилган чора-тадбирлар туфайли 2022 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларни ташкил этди. Бу 10 йиллик рекорд. Умуман олганда, ўтган йили асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 15,1 триллион тенгени ташкил этди. Бу 2018 йилга нисбатан 35 фоизга кўпдир», — дея хулоса қилди Алихан Смаилов.

Сўнгги хабарлар
telegram