Қозоғистонда жорий йилдан бошлаб инфляцияни янги усулда ҳисоблайди
АSTANА. Kazinform – 2026 йил январидан бошлаб Миллий статистика бюроси истеъмол нархлари индексини аниылашда инфляцияни ҳисоблашнинг янгиланган усулини жорий этади.
Энди фақат дўконлар ва интернетдаги нархларни назорат қилиш эмас, балки назорат-касса машиналари орқали қайд этилган фискал чек маълумотлари ҳам ҳисобга олинади. Бу аҳолининг ҳақиқий нархлар ва харидлари ҳақида аниқроқ ва тўлиқ маълумот олиш имконини беради.
Бу ўзгариш давлат статистикасини ривожлантириш концепцияси ва миллий маълумотлар экотизими доирасида амалга оширилмоқда. Мақсад — расмий статистиканинг аниқлиги, тезкорлиги ва сифатини ошириш.
Фискал чек маълумотларидан фойдаланиш учун махсус комплекс методика ишлаб чиқилди. У маълумотларни тозалаш ва қайта ишлашни, товарларни автоматик равишда таснифлашни, маълумотларни гуруҳлашни ва индексни ҳисоблашнинг замонавий динамик усулини ўз ичига олади. Методика текширувдан ўтиб, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки томонидан ижобий баҳоланди.
— Сўнгги уч йилда чеклардаги товар номларини тайёрлаш ва таснифлаш бўйича кенг кўламли иш олиб борилди. Миллионлаб товар номлари тозаланди ва таснифланди. Бугунги кунда таҳлилда 60 миллиондан ортиқ чек маълумотлари қўлланилади. Бу нархларни назорат қилиш кўламини кенгайтиради ва ҳисоб-китобларнинг аниқлигини оширади. Бундай тажрибани дунёда фақат бир нечта давлат қўллайди, Қозоғистон учун эса бу муҳим қадам, — деди бюро раҳбари Мақсат Турлибаев.
Нархларнинг муқобил маълумот манбаларини, жумладан, фискал чекларни қўллаш Бельгия, Швеция, Швейцария ва бошқа давлатларда кенг қўлланилмоқда. Қозоғистонда бу усул маълумотларни тезкор олиш, нарх ўзгаришларини аниқроқ назорат қилиш ва статистиканинг таҳлилий имкониятларини оширишга имкон беради.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда инфляцияга қарши қандай чоралар кўрилиши ҳақида хабар берган эдик.