Қозоғистонда озиқ-овқат импорти бўйича янги антирекорд қайд этилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси ўтган йил давомида Қозоғистонга озиқ-овқат импорти бўйича янги антирекорд қайд этилганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Kazinform мухбири.

«Ўтган йил импорт бўйича антирекордларга тўла йил бўлди. Якуний статистик ҳисобот май ойида тайёр бўлади, аммо ҳозир биз 4,9 миллиард долларлик озиқ-овқат олиб келганимизни кўрмоқдамиз. Табиийки, биз ташқи омилларга шунчалик қарам бўлиб қолганимизда, келажакда ўзимизни озиқ-овқат билан қандай таъминлаймиз, нима еймиз, деган ўта кескин савол туғилади», — деди «Атамекен» МТП Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати департаменти директори Ербол Есенеев.

Унга кўра, импорт қилинадиган маҳсулотларнинг ярмидан кўпи Россиядан келади. Фақатгина ширинликлар ва печенье 300 миллион доллар миқдорида, шакар эса 200 миллион долларга импорт қилинади.

Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси ёғ-мой иттифоқи президенти Константин Невзоров таъкидлаганидек, айни пайтда Қозоғистонда озиқ-овқат саноатининг 2,5 мингдан ортиқ корхонаси фаолият юритмоқда. 2021 йилда улар 2,2 триллион тенгедан ортиқ озиқ-овқат ишлаб чиқарган.

«Атамекен» МТП маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиси учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарур, деб ҳисоблайди. Жумладан, ички бозорни ҳимоя қилиш учун алоҳида шарт-шароитлар яратиш, экспортни ривожлантириш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини қўллаб-қувватлашга йирик савдо тармоқларини жалб этиш ва қозоғистонликларга тенг шароитларда маҳаллий маҳсулотни танлаш муҳимлигини етказиш.

«Яхшиямки, бизда бутун ҳажмни ўзимизда ишлаб чиқариш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Гап гўшт маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар ҳақида кетмоқда. Уларнинг ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришимиз мумкин», — дея қўшимча қилди Е.Есенеев.

Муаллиф: Анеля Қасимова

Сўнгги хабарлар
telegram