Қозоғистонда мактаб ўқувчилари ўртасида Президент олимпиадаси бошланди
Жорий йилда вазирлик ва мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида эришилган келишув натижасида олимпиада ғолиблари ОТМ таълим грантига эга бўлади.
Якуний босқич Е.А. Букетов номидаги Қарағанди университетида ўтказилади. Олимпиада 15 ноябрда бошланади ва 18 ноябрга қадар давом этади. Интеллектуал беллашувда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 182 нафар ўқувчи иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, ҚР Президенти олимпиадасида 11 (12) синф ўқувчилари иштирок этади. Уларга тўртта фан – математика, физика, кимё ва биология бўйича топшириқлар берилади.
«Ўқувчиларимизни рағбатлантириш, келажакда халқаро олимпиадаларда ўз билимини намоён этиши учун барча шароитларни яратиш мақсадида турли даражадаги (туман, шаҳар, вилоят, республика) танловлар тайёрлаб, ўтказамиз. Президент олимпиадаси уч босқичда ўтказилади. Хусусан, вилоят, саралаш ва республика босқичлари. Президент олимпиадасининг биринчи (минтақавий) босқичи сентябр ойида бўлиб ўтган бўлиб, унда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 3000 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Иккинчи босқичга 396 нафар ўқувчи ўтди. Саралаш босқичи 22 октябр куни барча вилоят марказлари ва республика аҳамиятига молик шаҳарларда бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтди. Шундай қилиб, 182 нафар ўқувчи якуний республика босқичига саралаб олинди. Президент олимпиадасининг ғолиб ва совриндорлари ҚР Таълим ва фан вазирлигининг I, II ва III даражали диплом ва медаллари билан тақдирланади. Олимпиада ғолибларига таълим грантлари ажратишга тайёр бўлган бир қанча олий ўқув юртлари билан ҳам келишувга эришдик», – дейди «Дарин» Республика илмий-амалий маркази директори Тимур Нуркешов.
Президент олимпиадаси иштирокчиларининг меҳнати халқаро олимпиадалар ғолиб ва совриндорлари, Қозоғистоннинг етакчи университетлари фанлари номзоди томонидан баҳоланади. Танлов максимал шаффофликни таъминлаш учун онлайн трансляция қилинади.