20:12, 01 Ноябрь 2022 | GMT +5
Қозоғистонда креатив саноатни қўллаб-қувватлаш корпоратив жамғармаси ташкил этилади
ASTANA. Kazinform - 1-5 ноябр кунлари Алмати шаҳрида 1-чи Креатив саноат ҳафталиги бўлиб ўтади. Форумда Қозоғистон, Россия, Беларусь, Қирғизистон, Ўзбекистон, Голландия, Италия, Буюк Британиядан таълим ва ижодий марказлар, ижодий сегмент ташкилотлари иштирок этади, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Бугун форумнинг очилиш маросимида Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири ўринбосари Ержан Еркинбаев мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида бунёдкорлик иқтисодиётини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
«Ўтган йили Ҳукумат томонидан Ижодий тармоқларни ривожлантириш концепцияси қабул қилинган бўлиб, айни пайтда Концепция режали тарзда амалга оширилмоқда. Яқин келажакда ижодий соҳалар бўйича ваколатлар вазирлигимизга юкланади. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги топшириғига кўра, мазкур соҳани ривожлантириш билан «Kazakh Tourism» миллий компанияси шуғулланиши белгиланди. Шу боис сизларнинг фикр-мулоҳазаларингизни тинглаш, лойиҳалар билан танишиш ва соҳани ривожлантириш йўлида сиз билан ҳамкорлик қилиш биз учун муҳим. Биз ҳозирда истеъдодлар ва ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш сиёсати устида ишлаяпмиз»
, – деди у.
Шунингдек, у келажакда Қозоғистонда ижодий соҳани қўллаб-қувватлаш корпоратив жамғармаси ташкил этилишини маълум қилди.
«Жамғарма кўмагида ёш истеъдод эгалари қўллаб-қувватланади, ижодиёти ривожланади. Жамғарманинг вазифалари истеъдодлар ва уларнинг ижодий маҳсулотларини аниқлаш, жадаллаштириш ва экспортга тайёрлаш бўлади»
, - деди Ержан Еркинбаев.
Муаллиф: Думан Арғингелди