Қозоғистонда конструктор-автомобилларини қонунийлаштиришга рухсат берилди
Давлат раҳбари топшириғи ижроси доирасида йил бошидан қозоғистонликларга 2022 йил 1 сентябргача Қозоғистонга олиб кирилаётган хорижий автомобилларни қонунийлаштириш имконияти берилди. Бунгача эса мамлакатга эҳтиёт қисмлар сифатида олиб келинган автомашиналар эгалари расмий рўйхатга олиш ҳужжатлари йўқлиги сабабли қийинчиликларга дуч келарди.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Ҳукумат фуқароларга конструктор-автомобилларини қонунийлаштириш ва дастлабки рўйхатдан ўтказиш имконини берувчи меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритди.
Бундай транспорт воситаларини дастлабки рўйхатдан ўтказиш учун мамлакатга 200 минг тенге тўланади. Рўйхатдан ўтиш учун:
1) ариза;
2) ички ишлар органларининг ваколатли ходими томонидан берилган автотранспорт воситасини кўрикдан ўтказиш далолатномаси;
3) техник кўрикнинг диагностика картаси бўлиши керак.
Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун аризаларни Egov.kz хизматлари ва иккинчи даражали банкларнинг мобиль иловалари орқали топшириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, республикага эҳтиёт қисмлар кўринишида олиб келинган ва божхона расмийлаштирувидан ўтмаган автомобилнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада эгалик ҳуқуқини ўзгартириш тақиқланганлиги ва ундан фақат Қозоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги ёзув мавжуд.
Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, акция бошланганидан буён республика бўйлаб 107 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари қонунийлаштирилган. Бундан ташқари, 14 мингга яқин конструктор-автомобиллари аниқланган.