Қозоғистонда Каz-Nedra геоахборот тизими ишга туширилади
Мазкур тизим жисмоний ва юридик шахсларга ер муносабатлари ва ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги маълумотлардан фойдаланиш имконини беради. Унинг вазифаларидан яна бири бу соҳаларда кўрсатилаётган давлат хизматларини автоматлаштиришдир.
Ушбу лойиҳа Рақамли ривожланиш вазири Бағдат Мусин ва Экология вазири Серикқали Брекешев томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Айни пайтда вазирлик томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, ер қаъридан фойдаланувчиларнинг бизнес жараёнларини автоматлаштиришнинг ягона усуллари белгиланди.
Лойиҳа Экология, Геология ва табиий ресурслар, Мудофаа, Қишлоқ хўжалиги, Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирликлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари каби бир нечта идораларнинг маълумотлар базасини бир вақтнинг ўзида улашга қаратилган.
Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ер ости сувлари, гидротехник, муҳандислик иншоотлари ҳақида ва бошқа маълумотлар сақланади.
Шу билан бирга, Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги лойиҳанинг техник қисмини амалга оширишни ўз зиммасига олади, шу жумладан керакли маълумотларни юклаш учун маълумотлар базаси тузилмасини яратиш, рақамлаштириш ва маълумотларни тўлдириш, шунингдек қонунчилик базасини шакллантириш соҳа давлат органлари ҳузурида қолади.
«Каz-Nedra платформаси шаффофликни таъминлайди ва тартибларни рақамлаштириш орқали ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш устидан назоратни кучайтириш имконини беради. Бу ерда ер қаъри участкаларини қидириш, геологик маълумотлар ва лицензиялар олиш, ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳисоботларини тақдим этиш, жумладан, солиқ тўловларини шакллантириш ва тақдим этишдан бошлаб бир қанча тартиб-таомилларни амалга ошириш мумкин», — деди Бағдат Мусин.
Унинг сўзларига кўра, платформанинг жорий этилиши ер қаъридан фойдаланувчилар учун барча тартиб ва хизматларни ягона дарчада жамлаш орқали инвесторларга ҳар томонлама сервис хизмати кўрсатишга хизмат қилмоқда.