Қозоғистонда экин майдонларининг 77 фоизига экин экилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ҳудудларида баҳорги экиш ишлари давом этмоқда. Вилоят ҳокимликларининг тезкор маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар 16,3 миллион гектар ерга қишлоқ хўжалиги экинлари экилган, деб хабар беради ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Хусусан, 11,2 миллион гектар ерга дон экинлари, 3,6 миллион гектарга мойли экинлар, 973,2 минг гектарга озуқа экинлари, 167,6 минг гектар майдонга пахта, 116,9 минг гектарга картошка, 112 минг гектарга сабзавотлар, 81,1 минг гектарга полиз экинлари, 22 минг гектар майдонга шакар лавлаги экилди.
Экин экиш кампанияси мамлакатимизнинг асосий ғаллачилик ҳудудларида авж олмоқда. Хусусан, Ақмола вилоятида 4,1 миллион гектар, Қостанай вилоятида 3,7 миллион гектар ва Шимолий Қозоғистон вилоятида 2,7 миллион гектар майдонга экинлар экилди.
Экин экиш кампаниясига 133,9 мингдан ортиқ трактор, қарийб 5,6 мингта юқори ҳосилдор экиш комплекслари, 71,4 мингта сеялка ва 188,5 мингта тупроқ ишлов бериш ускуналари сафарбар этилди. 70 та хизмат кўрсатиш маркази фермерларга узлуксиз техник ёрдам кўрсатяпти.