Қозоғистонда болалар учун 50 та ўқув-соғломлаштириш ва 100 та йирик кўнгилочар марказлар қурилади

None
ASTANА. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Алтай Кўлгинов раислигида ўтказилган йиғилишда ўқувчиларни мактабдан ташқари машғулотларга, жумладан, ёзги таътилга янада кенг жалб этиш, шунингдек, болаларнинг ижодий ва интеллектуал ривожланиши учун йирик марказлар қуриш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ҳукумат матбуот хизмати.

Ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг ҳар томонлама камол топиши, бўш вақтини фойдали ва қизиқарли ўтказиши учун шарт-шароит яратиш мактабда бериладиган таълим каби муҳим ҳисобланади.

Президент топшириғига мувофиқ республикада ўқувчиларнинг ижодий ва интеллектуал ривожланиши, билим олиши, мароқли дам олиши, бўш вақтини фойдали ўтказиши учун иншоотлар қуриш ёки эскиларини реконструкция қилиш ишлари жонлантирилмоқда.

Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 218 та болалар соғломлаштириш марказлари мавжуд бўлиб, улардан 120 таси давлат, 98 таси хусусийдир.

2027 йилгача барча ҳудудларда замонавий ўқув ва соғломлаштириш марказлари очилади. Уларнинг очилиши болаларни қамраб олиш даражасини сезиларли даражада оширади. Ёзги марказлардаги кўрсаткич ҳар йили 25 фоизга ўсиши кутилмоқда (2022 йилда бу марказларда 178 минг бола дам олган). Йил давомида ишлайдиган марказларда қамров индекси эса икки баробар ортади (2022 йилда 77 минг бола қамраб олинади).

Аҳоли жон бошига молиялаштириш тизими орқали маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бюджетидан маблағлар ажратилиб, ушбу соҳага инвесторларни жалб этиш кўзда тутилган. Болаларнинг ижодий ва интеллектуал ривожланиши учун 100 та объект (ўқувчилар саройи) қуриш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Болалар 100% қўшимча таълим билан қамраб олинади. Бу кўрсаткичга нафақат йирик қўшимча таълим объектларини қуриш, балки ушбу мақсадлар учун давлат буюртмасини босқичма-босқич ошириш орқали эришилади. Шу билан бирга, қишлоқ мактабларида маҳалла фуқаролар йиғини очиш, эски мактабдан ташқари ташкилотларни модернизация қилиш режалаштирилган.

Марказий ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари иштирокидаги йиғилиш якунларига кўра, «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш ва шу мақсадда ер участкаларини ажратиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, қисқа муддатда болалар соғломлаштириш марказлари ва йирик қўшимча таълим муассасаларини қуриш, эски объектларни реконструкция қилиш ёки қайта форматлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш талаб этилди.

Сўнгги хабарлар
telegram