Қозоғистонда биоўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарилади
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Азат Султанов ва REKA B.V. бош директори Эрик Эгбертс учрашув чоғида шундай келишувга келишди.
ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув Қозоғистон делегациясининг Нидерландияга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, REKA B.V. 2016 йилдан бери Қозоғистон қишлоқ хўжалиги бозорида уруғлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари учун табиий қопламалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 2020 йилда компания ушбу маҳсулотлар асосида ўсимликларни озиқлантиришнинг махсус концепциясини ишлаб чиқишни бошлади.
Музокараларнинг асосий мавзуси Қозоғистон ҳудудида биоўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаларини муҳокама қилиш бўлди.
REKA 2025 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқаришни бошлаш ниятини тасдиқлади ва кейин бозор эҳтиёжларига кўра ҳажмни оширишни кўриб чиқади. Ушбу лойиҳа Қозоғистонда экологик барқарорликни таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг самарадорлигини оширишга қаратилган.
Учрашувда REKA нинг ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Миллий аграр илмий таълим маркази билан ҳамкорлиги масаласи муҳокама қилинди. Компания қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, илғор тажриба ва билимларни узатишга хизмат қиладиган қозоғистонлик мутахассислар учун ўқув дастурларини ташкил этишдан манфаатдорлигини билдирди.
Шунингдек, REKA, Hanseplant ва қозоғистонлик ҳамкорлар ўртасида қўшма корхона яратиш истиқболлари муҳокама қилинди. Қўшма корхона инновацион қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш ва икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилади.
ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва REKA B.V. компанияси Қозоғистон аграр секторини модернизация қилиш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.