Қозоғистонда барча қишлоқлар тиббий инфратузилма билан таъминланади
Мақсад шаҳар ва қишлоқ соғлиқни сақлаш тизими ўртасидаги номутаносибликни камайтириш бўлган «Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш» пилот лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи бўйича Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Жандос Буркитбаев маъруза қилди.
Унинг маълум қилишича, лойиҳа доирасида барча қишлоқ аҳоли пунктлари етишмаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами ташкилотлари, яъни, фельдшерлик пунктлари, фельдшер-акушерлик пунктлари, поликлиникалар қуриш ҳисобига тиббий инфратузилма билан таъминланади.
Бундан ташқари, инсульт марказлари, кардиология, реанимация, реабилитация бўлимларини ўз ичига олган, замонавий тиббий асбоб-ускуналар (КТ, МРТ, УЗИ, сунъий нафас олиш аппарати ва бошқалар) билан жиҳозланган замонавий кўп профилли марказий туманлараро шифохоналар ташкил этилади.
Вазирлик томонидан ҳокимликлар билан биргаликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами объектларини қуриш зарурияти аниқланган бўлиб, бугунги кунда улар 655 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами объектини ташкил этади, шундан 228 таси янги объектлар қурилиши, 427 таси эса мавжуд объектлар ўрнига қурилишдир.
Шунингдек, 32 та кўп тармоқли марказий туман шифохоналари ташкил этилади. 12 тас модернизация қилинади ва 20 таси янгидан ташкил этилади.
«Марказий туман шифохоналарини ташкил этишда инсульт ва кардиология марказлари, тиббий реабилитация, травматология, жарроҳлик, реанимация ва интенсив терапия бўлимлари, триаж тизимига эга тез тиббий ёрдам бўлими очиш, шунингдек, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва капитал таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. «, - дейди Ж. Буркитбаев.
Фото: ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати