Қозоғистонда баҳорда 17 мингга яқин киши ҳарбий хизматга чақирилади
Шахсий ишларни ўрганиш жараёнида муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг сўров маълумотлари аниқланиб, ҳар бир йигит ва унинг ота-онаси билан суҳбат ўтказилади. Ўрганишда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг мутахассисликлари, шунингдек, уларнинг маънавий-ахлоқий ва ишбилармонлик фазилатлари, саломатлиги, жисмоний ҳолати, умумий маълумоти, махсус тайёргарлиги ва оилавий аҳволи тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олиниши керак.
Маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилган, тергов қилинаётган, ноқонуний жамоат бирлашмалари ёки ноанъанавий диний оқимларга аъзо сифатида рўйхатга олинган шахслар алоҳида эътиборга олинади.
– Дастлабки ўрганиш ҳар қандай босқичда ҳарбий хизматга тайёр бўлган ёшларнинг сифат таркибини аниқлаш имконини беради. Муддатли ҳарбий хизматдан озод қилиш асосларининг қонунийлиги, шу жумладан, соғлиғининг ҳолати ўрганилади. Ҳар куни 800-900 нафар чақирилувчи келади. Ҳаммаси бўлиб 90 минг нафардан ортиқ чақирув ёшидаги йигит-қизлар ўқитилади, – деди Қуролли Кучлар Бош штаби Ташкилий-сафарбарлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Аян Еслямов.
Маҳаллий ҳарбий ҳокимият органлари Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари, Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияга чақирувни амалга оширадилар. Бу йил баҳорда 17 мингга яқин киши ҳарбий хизматга чақирилади. Уларнинг 6,5 минг нафардан ортиғи Қуролли Кучлар бўлимлари ва бўлинмаларида хизмат қилади.